MRO Central Asia 2026 — Ўзбекистоннинг минтақавий авиация маркази сифатидаги ўрни мустаҳкамланмоқда
2026-03-30 16:00:00 / Янгиликлар

Мазкур тадбир Марказий Осиё минтақасида ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш (MRO) соҳасидаги етакчи платформа сифатида ўз мавқеини яна бир бор тасдиқлади.
Конференцияда 600 дан ортиқ соҳа мутахассислари, 50 дан зиёд компаниялар ҳамда 15 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этди. Ушбу кўрсаткичлар минтақага бўлган халқаро қизиқиш ортиб бораётганидан далолат беради.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг ҳаво транспорти бошқармаси бошлиғи Жамолиддин Назаров очиб берди. Ўз нутқида у авиация соҳасининг жадал ривожланиши шароитида парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ҳамда халқаро стандартларга мослашув масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Конференция доирасида ўтказилган сессияларда MRO соҳасининг стратегик аҳамияти кенг муҳокама қилинди. Жумладан, авиация хавфсизлиги, техник хизматни самарали режалаштириш, рақамлаштириш, сунъий интеллект ва IoT технологияларини жорий этиш, шунингдек, малакали кадрлар тайёрлаш масалалари кун тартибидан ўрин олди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда MRO соҳаси нафақат техник хизмат кўрсатиш, балки авиакомпаниялар фаолиятининг муҳим стратегик таркибий қисмига айланмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистонда авиация соҳасини ривожлантириш бўйича белгиланган устувор йўналишлар доирасида 2030 йилгача йўловчи оқимини сезиларли даражада ошириш, ҳаво кемалари паркини кенгайтириш ҳамда замонавий инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.
Конференция якунлари бўйича Airbus, Lufthansa Technik, Turkish Technic каби етакчи халқаро компаниялар билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва янги келишувларга эришиш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикасининг минтақавий авиация маркази сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда транспорт инфратузилмасини изчил такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.






