“Темир йўл транспорти тўғрисида”ги қонун ижроси юзасидан ахборот берилди
2026-03-13 10:00:00 / Янгиликлар

Мазкур эшитув олдидан депутатлар қонун талаблари амалда қай даражада бажарилаётганини ўрганиш мақсадида темир йўл тизимидаги қатор корхоналар фаолияти билан жойларда танишган эди.
Хусусан, “Темирйўлкарго” ва “Ўзтемирйўлконтейнер” акциядорлик жамиятларида юк ташиш ҳамда логистика хизматларини ташкил этиш жараёнлари, “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖнинг “Йўловчи вагонларини техник ва технологик тайёрлаш, таъмирлаш” филиалида поездларни рейсга тайёрлаш ва вагонларни техник кўрикдан ўтказиш ишлари кўздан кечирилганди.
Йиғилишда таъкидланганидек, ушбу қонун ижросини таъминлаш мақсадида 21 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Шунингдек, темир йўл инфратузилмасини модернизация қилиш ва ҳаракат таркибини янгилаш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Сўнгги йилларда юк ва йўловчи ташиш ҳажмларида ҳам барқарор ўсиш кузатилмоқда. Жумладан, 2025 йил якунларига кўра, темир йўл орқали 105,8 млн. тонна юк ва 10,5 млн. нафар йўловчи ташилган. Хизматлар ҳажми 14,8 трлн. сўмга етгани ҳам соҳада иқтисодий фаоллик ортганини кўрсатади.
Тақдим этилган ахборотга кўра, Президентимизнинг 2026 йил 16 февралдаги тегишли Фармонида темир йўл инфратузилмасини янада ривожлантиришга қаратилган йирик лойиҳаларни амалга ошириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Хусусан, шаҳарларни замонавий тезюрар поездлар билан боғлаш мақсадида 500 километр янги темир йўл қурилишини бошлаш, транспорт тармоғини янада кенгайтиришга хизмат қиладиган бир қатор янги темир йўл йўналишларини барпо этиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилган. Темир йўл вокзалларида 55 та инфокиоск ўрнатилиб, электрон чипта сотиш тизими кенгайтирилгани натижасида электрон чипталар орқали сотувлар улуши 86 фоизга етган.
Муҳокамалар давомида соҳада ечимини кутаётган қатор масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, айрим темир йўл вокзаллари ва поездларда сервис хизматлари даражаси, ахборот тақдим этиш тизими ҳамда рақамли хизматлар қамрови ҳали ҳам талаб даражасига тўлиқ жавоб бермаётгани депутатлар томонидан қайд этилди.
Шунингдек, темир йўл инфратузилмасини янада модернизация қилиш, хизматлар бозорида рақобат муҳитини кучайтириш, хусусий сектор ва инвестицияларни кенг жалб этиш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва қулайликларни ошириш юзасидан масалалар кўтарилди.
Депутатлар томонидан темир йўл транспорти соҳасида қонун ижросини таъминлаш, хизматлар бозорида рақобат муҳитини ривожлантириш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар берилди.
Йиғилиш якунида ушбу масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.




