Сенат қўмитаси мажлисида бола ҳуқуқлари, автомобиль йўллари ва қўриқлаш фаолияти масалалари муҳокама қилинди
2026-03-05 14:00:00 / Янгиликлар

Унда сенаторлар, Қўмита ҳузуридаги Эксперт гуруҳи аъзолари, давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбар ходимлари, олий таълим муассасалари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Бола ҳуқуқлари бўйича вакилининг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақидаги маърузаси кўриб чиқилди.
2025 йилда Болалар омбудсмани номига келиб тушган мурожаатлар сони сезиларли ошган бўлиб, уларнинг 509 таси (26,3%) ижобий ҳал этилган, 708 таси (36,6%) бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган, 573 таси (29,6%) тегишлилиги бўйича юборилган.
Сенаторлар Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятининг самарадорлигини ошириш, мурожаатлар билан ишлаш сифатини яхшилаш, назорат ва ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича тавсияларини билдирди.
Шунингдек, мажлисда Сенат кўриб чиқиши учун келиб тушган “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Таҳлил натижалари кўрсатишича, амалда бўлган Қонун қарийб 20 йил аввал қабул қилинганлиги сабабли ҳозирги кун талабларига тўлиқ жавоб бермайди. Янги Қонун автомобиль йўллари инфратузилмасини ривожлантириш, транспорт соҳасида ахборот тизимларини интеграциялаш, тирбандликни камайтириш ва инвестицияларни жалб қилиш каби масалаларни тартибга солади.
Шу билан бирга, “Қўриқлаш фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳам муҳокама қилинди.
Мувофиқлик, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш тизимини замонавийлаштириш мазкур Қонуннинг асосий мақсади экани таъкидланди. Сенаторлар қўриқлаш тизимининг самарадорлигини ошириш, профилактика чораларини кучайтириш ва ваколатларни аниқлаштириш бўйича тавсиялар билдирди.
Муҳокама якунида Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.








