Илм-фанда қизлар: имкониятлар ва масъулият
2026-02-09 12:00:00 / Янгиликлар

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Тошкент давлат транспорт университети ҳамкорлигида “Илм-фанда қизлар: имкониятлар ва масъулият” мавзусида Республика анжумани ташкил этилди. Анжуман мамлакатда илм-фан, инновация ва таълим соҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда илмий фаолиятдаги масъулиятини кучайтиришга қаратилди.
Анжуманда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров иштирок этди. Шунингдек, республиканинг турли ҳудудларидан илм-фан соҳасида фаолият юритаётган иқтидорли талаба-қизлар, докторантлар ва соҳа мутахассислари қатнашди.
Тадбир давомида қизларнинг илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалардаги иштироки, замонавий билим ва технологияларни эгаллашдаги имкониятлари, шунингдек, жамият тараққиётидаги масъулияти атрофлича муҳокама қилинди. Давлат томонидан хотин-қизлар илмий фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслар, грантлар ва таълим дастурларининг амалий аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Анжуман доирасида илм-фан соҳасида салмоқли натижаларга эришган иқтидорли талаба-қизларнинг ютуқлари эътироф этилди. Савол-жавоблар орқали иштирокчилар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан бевосита фикр алмашиш имконига эга бўлди.
Тадбир якунида илмий фаолияти ва ташаббускорлиги билан ажралиб турган иқтидорли қизлар Олий Мажлис Сенати Раиси томонидан тақдирланди.








