Транспорт университети Кореянинг Ажоу университети билан таълим ва илмий ҳамкорликни ривожлантиради
2026-02-06 16:00:00 / Янгиликлар

Учрашувда темир йўл транспорти соҳасида ахборот технологияларига асосланган таълимни ривожлантириш, ўқув жараёнига симуляция ва тренинг тизимларини татбиқ этиш, рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллект ечимларидан фойдаланиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун академик алмашинув дастурларини йўлга қўйиш, қўшма таълим йўналишлари ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Томонлар транспорт муҳандислиги ва рақамли технологиялар йўналишида илғор тажрибани жорий этиш, амалий кўникмаларни кучайтириш ҳамда халқаро стандартларга мос мутахассислар тайёрлашни ҳамкорликнинг устувор вазифалари сифатида белгиладилар. Мазкур ташаббуслар таълим жараёнини амалиёт билан уйғунлаштириш ва талабаларнинг касбий салоҳиятини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Учрашув якунида Тошкент давлат транспорт университети ҳамда Ажоу университети ўртасида таълим ва илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ўзаро келишув меморандуми имзоланди.

