Парвозлар хавфсизлигини таъминлаш долзарб масала
2026-02-05 15:00:00 / Янгиликлар

Йиғилишда вазирликнинг Ҳаво транспорти бошқармаси, Авиация ҳодисалари ва инцидентларни текшириш бўлими, “Ўзавиация” агентлиги, “Ўзаэронавигация” маркази ҳамда мамлакатимизда фаолият юритаётган барча резидент авиакомпаниялар вакиллари иштирок этишди.
Унда авиация ҳодисалари ва инцидентлари, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва ушбу жараёнда инсон омили билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, авиакомпаниялар томонидан парвозлар хавфсизлигига, ICAO талабларига ҳамда “Ўзавиация” Агентлигининг кўрсатмаларига риоя қилиниши билан боғлиқ ҳолатлар танқидий нуқтаи назардан кўриб чиқилди.
Учрашувда парвозлар хавфсизлигини таъминлашда қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир авиакомпания раҳбари фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши кераклиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Йиғилиш якунида масъулларга парвозлар хавфсизлигини таъминлашни кучайтириш, соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, авиация ходимлари малакасини ошириш, техник хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳамда ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.








