Озарбайжонда бўлиб ўтган халқаро таълим кўргазмасида Транспорт университети стратегик ҳамкорлик шартномаларини имзолади
2026-02-02 12:00:00 / Янгиликлар

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад университетнинг таълим ва илмий салоҳиятини халқаро миқёсда намойиш этиш, хорижий абитуриентларни таҳсил олишга жалб қилиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборат.
Кўргазма доирасида университет вакиллари томонидан таълим йўналишлари, замонавий ўқув-лаборатория базаси, илмий-тадқиқот фаолияти, халқаро дастурлар ва академик алмашинув имкониятлари юзасидан кенг қамровли тақдимотлар ўтказилди. Абитуриентлар, ота-оналар ва таълим соҳаси мутахассислари билан бўлиб ўтган учрашувларда қабул жараёнлари, грант ва стипендиялар, шунингдек, битирувчиларнинг касбий истиқболлари бўйича батафсил маълумотлар берилди.
Шунингдек, делегация Озарбайжон Техника Университети ҳамда Озарбайжон Миллий Авиация Академияси билан юқори даражадаги расмий музокаралар олиб борди.
Учрашувлар давомида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш ва илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар ҳамда ўзаро англашув меморандумлари ва ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатларни имзоладилар.
Имзоланган ҳужжатлар қуйидаги устувор йўналишларни қамраб олади:
- авиация, автомобиль ва темир йўл транспорти соҳасида таълим ҳамда илмий ҳамкорлик;
- инфратузилма ва бошқарув тизимларини такомиллаштириш;
- локомотив ва вагон хўжалиги бўйича муҳандис кадрлар тайёрлаш;
- авиация соҳасида учувчисиз учиш аппаратлари технологияларини ривожлантириш;
- профессор-ўқитувчилар, илмий ходимлар ва талабалар алмашинувини ташкил этиш;
- қўшма илмий-тадқиқотлар, инновацион лойиҳалар ва илмий нашрларни амалга ошириш.
Томонлар мазкур келишувлар асосида малака ошириш дастурлари, стажировкалар, семинар ва конференцияларни мунтазам ташкил этиш, ўқув-услубий ва илмий адабиётларни биргаликда яратиш бўйича амалий ишларни босқичма-босқич йўлга қўйишга келишиб олдилар.
Мазкур ташриф Тошкент давлат транспорт университетининг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, академик ҳамкорлик географиясини кенгайтириш ҳамда транспорт ва авиация соҳалари учун замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга рақобатбардош мутахассислар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.



