2030-ЙИЛГА ҚАДАР ТРАНСПОРТ-ЛОГИСТИКА, ЭНЕРГИЯ ВА ТУРИЗМ СОҲАЛАРИДАГИ МАҚСАДЛАР ОЧИҚЛАНДИ
2026-01-16 12:00:00 / Янгиликлар
Оммавий ахборот воситалари вакиллари ва журналистлар қатнашган тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Жамшид Шарипов, Транспорт вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва Туризм қўмитаси вакиллари сўзга чиқди.
Матбуот анжуманида “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Жамшид Шарипов “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг амалдаги ва такомиллаштирилаётган лойиҳасидаги фарқлар, мазкур йўналишлар бўйича белгиланаётган мақсадли кўрсаткичлар ҳамда жамоатчилик муҳокамаси жараёнида келиб тушаётган таклифларни қисқача таҳлил қилди.
Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров такомиллашаётган Стратегия лойиҳасида Ўзбекистоннинг глобал транспорт-логистика тармоқларига интеграциясини чуқурлаштириш ҳамда миллий транспорт тизими салоҳиятини ошириш устувор вазифалардан эканини таъкидлаб, транспорт хизматлари ҳажмини 301 триллион сўмгача ошириш, йўловчи ва юк ташиш хизматлари ҳажмини 250 триллион сўмга етказиш, авиақатновлар сонини 200 мингтага чиқариш, жумладан республика ҳудудлари ўртасидаги рейслар сонини 41 мингтага етказиш вазифалари белгиланганини қайд этди.
Энергетика вазирлиги котибияти бошлиғи Бекзод Исмоилов янгиланаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида 2030 йилга қадар “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, унинг асосини ташкил этувчи қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўрсаткичларини кескин ошириш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини зарур энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш мақсадлари ҳақида сўз юритди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 25 минг МВтга етказиш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва аҳоли эҳтиёжлари учун етказиб бериладиган электр энергияси ҳажмини 120 миллиард кВт·соатгача ошириш вазифалари белгиланган.
Матбуот анжуманида Туризм қўмитаси бошқарма бошлиғи Ойбек Хакимов Ўзбекистонда ташқи ва ички туризмни ривожлантириш учун кенг шароитлар яратиш, шу орқали сайёҳлар сонини оширишга қаратилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Таъкидлаганидек, Стратегияда 2030 йилга бориб хорижий туристлар йиллик сонини 20 миллион нафаргача етказиш, туризм хизматлари экспорт ҳажмини 6 миллиард долларга чиқариш ҳамда ҳудудларда 4 мингта янги меҳмонхона, меҳмон уйи ва хостелларни ташкил этиш вазифалари белгиланган бўлиб, бу борадаги ишларни изчил амалга оширишда қўмита томонидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Матбуот анжумани қизғин савол-жавобларга бой бўлди. Масъуллар журналистларнинг саволларига мамлакатимизнинг 2030 йилга қадар ривожланишида тегишли йўналишлар бўйича белгиланаётган чора-тадбирлардан келиб чиқиб, батафсил жавоб қайтарди.
16 январь 2026 йил. "Тараққиёт Стратегияси" маркази.
