Такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳаси юзасидан семинар ўтказилди
2026-01-13 13:00:00 / Янгиликлар

Айни пайтда мазкур лойиҳа жамоатчилик муҳокамаси учун uzbekistan2030.uz онлайн платформасига жойлаштирилган. Фуқаролар лойиҳа билан танишиб, “Фикр қолдириш” тугмаси орқали ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришлари мумкин.
Муҳокама шаклида ташкил этилган семинарда Транспорт вазирлиги марказий аппарати таркибий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари, шунингдек, “Zoom” платформаси орқали барча ҳудудий бошқармалари ходимлари иштирок этди.
Семинарда транспорт вазирининг биринчи ўринбосари М.Омаров сўзга чиқиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг такомиллаштирилган лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнда вазирлик ва идоралар, илмий муассасаларнинг 350 нафардан ортиқ вакиллари иштирок этиб, Стратегияда белгиланган барча 444 та самарадорлик кўрсаткичи бугунги кун талаблари асосида қайта кўриб чиқилганлигини таъкидлади.
Янгиланган Стратегия лойиҳасининг асосий жиҳатлари қуйидагилардан иборат:
Биринчидан, барча кўрсаткичлар давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган янги марраларга мослаштирилди ва тўлдирилди. Бунда, юртдошларимизга муносиб шароит яратадиган, ҳар бир инсон ва оила ҳаётида сезиладиган мақсадларга алоҳида эътибор қаратилди;
Иккинчидан, барча кўрсаткичлар ўлчанадиган, яъни, сон шаклида (фоиз, улуш, даража, ҳажм, нисбат, балл, индекс) бўлиши қатъий белгиланди. Ҳисоблаб ёки баҳолаб бўлмайдиган, умумий вазифа, топшириқ ва “шиор” кўринишидаги кўрсаткичлар чиқариб ташланди (бундай бандлар 130 та);
Учинчидан, барча самарадорлик кўрсаткичларининг бажарилиши 2030 йилгача йилма йил белгиланди. Яъни, ҳар бир ижобий ўзгаришни йиллар кесимида кўриш имконияти яратилди;
Тўртинчидан, Стратегияда ҳар бир вазирлик ва идора ўз ўрнини топди. Хусусан, лойиҳага кўра, 60 тага яқин давлат органларига тегишли самарадорлик кўрсаткичи белгиланди;
Бешинчидан, ҳар бир самарадорлик кўрсаткичига эришилишини таъминлайдиган молиявий манбалар аниқ кўрсатилди;
Олтинчидан, энди соҳа, тармоқ ва ҳудудларни ривожлантириш концепция ва стратегиялари “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мувофиқ ҳолда ишлаб чиқилиши қатъий белгиланади. Жумладан, кейинги йил 50 тадан зиёд шундай концепция (4 та), соҳа ва тармоқларни ривожлантириш стратегиялари (38 та) ҳамда ҳар бир ҳудудни ривожлантириш стратегияларини (14 та) қабул қилиш режалаштирилган.
Қайд этилганидек, Стратегияда белгиланган самарадорлик кўрсаткичларига эришиш барча даражадаги ташкилотлар учун устувор вазифа ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларига мувофиқ, юртимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётига дахлдор бўлган ушбу ҳужжат кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, аҳолимизнинг фикр-мулоҳазалари асосида такомиллаштирилади.
Шунга кўра, Стратегия лойиҳаси uzbekistan2030.uz ва regulation.gov.uz платформаларида жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.






