Транспорт университети раҳбарияти Корея аэрокосмик университетида таҳсил олаётган талабалар билан учрашди
2025-12-11 13:00:00 / Янгиликлар

Тошкент давлат транспорт университети ҳамда Жанубий Кореянинг Корея аэрокосмик университети ҳамкорлигида учувчиларни тайёрлаш бўйича имзоланган қўшма таълим дастури (1+2+1) асосида “Ҳаво кемаларининг парвоз эксплуатацияси” йўналиши бўйича ҳозирда 1-курсда 27 нафар ҳамда 2-курсда 13 нафар талаба таҳсил олмоқда.
Мазкур дастур 2023 йилда Транспорт вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, замонавий талаблар асосида хорижий тажрибага асосланган ҳолда учувчилик бўйича Ўзбекистон миллий кадрлари захирасини яратишга қаратилган.
Учрашув доирасида талабаларнинг ўқув жараёни, яшаш шароитлари, таълим дастурини ўзлаштириш кўрсаткичлари атрофлича ўрганилди ва талабалар мулоқот ташкил этилди. Талабалар ўз фикр-мулоҳазалари, таклифлари ҳамда ўқиш жараёнида юзага келган савол ва муаммоларини баён қилишди.
Университет раҳбарияти томонидан уларнинг ҳар бир мурожаати эшитилди ва тегишли ечимлар юзасидан тавсиялар берилди. Шу билан бирга, талабалар қўшимча қўллаб-қувватлаш имкониятлари ҳақида маълумот олдилар.
Учрашув давомида ТДТУ делегацияси КАУнинг ўқув кампуси, талабалар турар жойлари, ўқув лабораториялари ва инфратузилмаларини кўздан кечириб, шароитлар билан яқиндан танишишди.
ТДТУ раҳбарияти талабаларнинг хориждаги таълими самарали, хавфсиз ва барқарор давом этиши учун университет томонидан барча зарур шарт-шароитлар яратилишини таъкидлади.



