"Ўзаэронавигация" Маркази GAIN глобал экологик ташаббусига қўшилди
2025-12-04 15:00:00 / Янгиликлар
"Ўзаэронавигация" учун GAINга қўшилиш барқарор ривожланиш, операцион самарадорликни ошириш ва авиациянинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш бўйича стратегик йўналишни амалга оширишда муҳим қадам ҳисобланади. Ташкилот чиқиндиларни камайтириш, ҳаво йўналишларини оптималлаштириш ва ҳаво ҳудудидан фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, замонавий технологик ечимларни изчил жорий этмоқда.
Green Aviation Insights (GAIN) - Буюк Британиянинг аэронавигация хизматлари провайдери NATS томонидан ишлаб чиқилган глобал таҳлилий платформа. Ташаббус парвозларнинг экологик кўрсаткичларини ҳар томонлама таҳлил қилиш, маълумотлар алмашиш, бошқа ташкилотлар билан солиштириш ва авиациянинг карбонат изини камайтириш бўйича ечимларни биргаликда излаш мақсадида дунёнинг етакчи аэронавигация хизмати провайдерларини бирлаштиради. Платформа иштирокчиларга самарадорликнинг асосий кўрсаткичларини, жумладан, парвоз траекториялари, кўтарилиш ва пасайиш профиллари, кутиш вақти ва CO₂ чиқиндиларига таъсир қилувчи бошқа омилларни кузатиш ва таққослаш имконини беради.
"Ўзаэронавигация"нинг GAINга қўшилиши Ўзбекистоннинг халқаро авиация ҳамжамиятидаги ўрнини мустаҳкамлайди ва мамлакатнинг глобал экологик стандартларга жавоб беришга интилишини тасдиқлайди. Ташаббусда иштирок этиш ташкилотга янада "яшил" ҳаво транспортини ривожлантиришга ҳисса қўшиш ва авиация келажаги учун умумий ечимларни яратишда иштирок этиш имкониятини яратади.
"Ўзаэронавигация" GAIN доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришни давом эттиради ҳамда барқарор ва экологик масъулиятли авиация экотизимини шакллантиришда фаол иштирок этади.
