Тошкентда Транскаспий транспорт йўлаги ва ўзаро боғлиқлик бўйича инвесторлар форуми бўлиб ўтди
2025-12-01 10:00:00 / Янгиликлар

Форум Ўзбекистон Республикаси Президентининг минтақавий боғлиқликни мустаҳкамлаш ва барқарор транспорт йўналишларини ривожлантиришга қаратилган ташаббусларини амалга ошириш йўлидаги амалий қадам бўлди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Илҳом Махкамов, Европа Иттифоқининг Халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Йозеф Сикела, Кенгайиш масалалари бўйича комиссари Марта Кос ва бошқалар Транскаспий транспорт йўлаги бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари учун стратегик аҳамиятга эга бўлган йирик инфратузилма ташаббусларидан бирига айлангани алоҳида таъкидлади.
Ушбу йўлак Ўзбекистоннинг транзит-логистика салоҳиятини ошириш, мамлакатни Шарқ ва Ғарбни боғловчи муҳим халқаро транспорт марказига айлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларида асосий ўрин тутади.
Айтиш жоизки, мазкур форум ўтган йил январь ойида Брюсселда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги транспорт боғлиқлиги бўйича биринчи Инвесторлар форумида бошланган умумий саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми. Унинг мақсади Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантириш доирасида йирик инвестиция ташаббусларини илгари суришни жадаллаштириш ва аниқ шартномалар тузиш учун шарт-шароитларни шакллантиришдан иборат.
Форумда мутахассислар таъкидлаганидек, Транскаспий йўлаги Европа Иттифоқининг минтақадаги “Global Gateway” инвестиция стратегиясининг асосий ташаббуси ҳисобланади. Бугунги кунда Транскаспий йўлаги Хитой, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатларини Европа билан боғлайдиган асосий йўналишлардан бири сифатида шаклланяпти. 2030 йилга бориб "Ўрта йўлак" орқали ташиладиган юклар ҳажми йиллик 10-11 миллион тоннага етиши кутилмоқда.
Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг сўзларига кўра, “Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган устувор йўналишлардан бири ҳам мамлакатнинг транзит-логистика салоҳиятини кескин оширишдан иборат.
– Ўзбекистоннинг асосий мақсади транзит марказига айланиб, юк ташиш харажатларини қисқартириш, Шарқ-Ғарб ва Шимол-Жануб йўналишларида кучли логистик “хаб” сифатида фаолият юритишдан иборат. Қўшни мамлакатлар билан узвий интеграция ва улар учун ягона, барқарор транспорт маконини яратиш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик доирасида инфратузилмани ривожлантириш ва модернизация қилишга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Инфратузилмага хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича бир нечта келишувлар имзоланган. Шунингдек, Каспий денгизи орқали транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш борасида европалик ҳамкорлардан амалий кўмак олинмоқда. Ушбу йўналишда қўшма корхоналар ва қўшма инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Қисқача айтганда, Ўзбекистоннинг стратегик мақсади чекловларсиз, самарали ва яхлит ягона транспорт маконини яратишдир, – деди И.Маҳкамов.
Форумда томонлар ҳамкорлигига алоҳида урғу берилди. Унда айтиб ўтилгани каби Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда ушбу йўналишни ривожлантиришда фаол иштирок этмоқда. Таъкидлаш жоизки, 2024 йилда Ўзбекистоннинг Транскаспий йўлаги орқали юк ташиш ҳажми барқарор ўсишни намойиш этган ҳолда бир миллион тоннадан ошди. Бу 2019 йилдаги кўрсаткичдан беш баробар кўпдир.
Тадбир доирасида транспорт ва логистика бўйича меъёрий-ҳуқуқий базани уйғунлаштириш, инфратузилмага инвестициялар ва савдо йўлакларини рақамлаштириш юзасидан тематик сессиялар ўтказилди.
Форум доирасида Марказий Осиё, Европа Иттифоқи, Жанубий Кавказ ва Қора денгиз минтақаси транспорт вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди. Тадбир якунида Форум иштирокчилари Транскаспий йўлагини ривожлантириш доирасида минтақалараро ҳамкорликни кенгайтиришга содиқлигини қайд этдилар.








