Одоб-ахлоқ комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди
2025-11-21 12:00:00 / Янгиликлар

Унда вазирлик тизимидаги ички тартиб-қоидалар ва одоб-ахлоқ меъёрларига амал қилиш ҳолати атрофлича таҳлил қилинди. Хусусан, меҳнат интизоми бузилиши, хизматга кечикиш, кийиниш маданиятига риоя қилмаслик каби қатор камчиликлар муҳокама марказида бўлди.
Тадбирда Комиссия аъзолари ва масъуллар сўзга чиқиб, касбий маданиятни шакллантириш, жамоатчилик онгида давлат хизматчисига бўлган ҳурмат ва ишончни ошириш, давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилиш зарурлигини таъкидлашди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари” ҳамда вазирликда амал қилинаётган “Ички меҳнат тартиб-қоидалари” асосида ходимларнинг кундалик иш фаолияти баҳоланди.
Шунингдек, йиғилишда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларнинг ҳаддан ташқари дабдабали ўтказилиши, меҳмонлар сони кўпайтирилиши ҳолатлари, ортиқча исрофгарчиликни олдини олиш масалалари муҳокама қилинди. Оилавий тадбирларни дабдабаларсиз, ихчам ва миллий қадриятларимизга мос равишда ўтказиш зарурлиги таъкидланди.
Жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, ортиқча исрофнинг олдини олиш ва миллий қадриятларга асосланган меъёрий ҳаёт тарзини шакллантиришда давлат хизматчилари бошқаларга намуна бўлиши лозимлиги қайд этилди.
Йиғилиш якунида мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва ходимлар ўртасида интизомни кучайтиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, мониторинг натижаларини вазирлик таркибидаги йиғилишларда кенг муҳокама қилиш, жамоавий назоратни кучайтириш ва ходимларга нисбатан талабчанликни ошириш бўйича топшириқлар берилди.
Комиссия аъзолари бу каби йиғилишларнинг мунтазам ўтказилиши меҳнат муҳитини соғломлаштириш, шунингдек, давлат хизматчиларининг масъулиятини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлашди.





