Гуанчжоуда бўлиб ўтган халқаро форумда ТДТУ илғор техник-таълим моделини яратиш юзасидан муҳим шартнома имзолади
2025-11-19 14:00:00 / Янгиликлар

Тадбир профессионал таълимнинг глобал интеграцияси, саноат билан узвий ҳамкорликни кенгайтириш ва рақамли компетенцияларни ривожлантириш бўйича Осиёдаги энг йирик мулоқот майдонларидан бири сифатида эътироф этилади.
Тошкент давлат транспорт университети ушбу нуфузли форумда халқаро ҳамкорлик бўйича проректор проф. Бакҳодир Тураев ва Ўзбекистон–Туркия техник ҳамкорлик офиси директори, Хитой билан ишлаш координатори Др. Мелике Басбинар бошчилигидаги делегация билан иштирок этди.
Йиғилиш давомида университетимиз вакиллари дунёнинг турли давлатларидан ташриф буюрган таълим ташкилотлари, илмий марказлар ва саноат корхоналари билан суҳбатлар олиб бориб, қўшма лойиҳалар бўйича янги истиқболларни муҳокама қилдилар.
Тадбирнинг энг муҳим нуқталаридан бири — “Lingnan Artisan Polytechnic / Lingnan устахонаси”ни ташкил этиш бўйича тўрт томонлама ҳамкорлик шартномасининг имзоланиши бўлди. Ушбу келишув Guangdong Transportation Polytechnic, Guangzhou Nanling Automobile Co. Ltd., Guangdong International Science and Technology Cooperation Alliance ҳамда Тошкент давлат транспорт университети ўртасида имзоланди.
Мазкур ҳужжат ТДТУда саноат томонидан қўллаб-қувватланган илғор техник-таълим моделини яратиш, хусусан, автомобилсозлик ва илғор муҳандислик йўналишларида амалий лабораторияларни шакллантиришга йўналтирилган.
Гуанчжоудаги форум ТДТУ учун нафақат халқаро таълим ҳамкорлиги географиясини кенгайтириш, балки технологик ҳамкорлик, қўшма профессионал таълим дастурлари, мутахассислар тайёрлаш ва илмий лойиҳалар бўйича янги имкониятлар эшигини очди.
Маълумот учун: 2025 йил ёзида Гуанчжоу шаҳридаги Ўзбекистон Бош консуллигида ТДТУда “Линнан / Лингнан олий профессионал устахонаси”ни ташкил этиш бўйича расмий келишув имзоланган эди. Мазкур ташаббус Гуангдонг ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланган бўлиб, Toyota, BYD, Chery каби йирик саноат компаниялари билан ҳамкорликда замонавий техник лабораторияларни яратишни назарда тутади. Лойиҳанинг 1-босқичи учун 800 минг АҚШ доллари ажратилган.


