Бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди
2025-11-17 11:00:00 / Янгиликлар

Йиғилишда вазир ўринбосари Илхомжон Абдугафаров ҳамда Ҳисоб палатаси масъули Дилшоджон Ниғматов, шунингдек, вазирлик марказий аппарати ва тизим ташкилотлари ходимлари иштирок этишди.
Унда соҳага ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланиши, бюджет маблағлари ижросини мониторинг қилиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда таъкидландики, 2024 йилнинг 16 январь куни Президент томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлардан келиб чиқиб, Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура, Иқтисодиёт ва молия ҳамда Транспорт вазирликлари томонидан қўшма қарор тасдиқланган. Мазкур ҳужжат асосида соҳага ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланиши назорат қилиб борилмоқда.
Вазирликда бюджет маблағларининг мақсадли ва самарали ишлатилиши устидан масофавий тарзда мониторинг ва назоратни олиб бориш бўйича “Ситуацион марказ” ташкил этилган. Мазкур марказда масофавий аудит тизими орқали харажатлар сметаси доирасида амалга ошириладиган ишларнинг доимий назоратини таъминлаш учун ишчи гуруҳи тасдиқланган.
Шунингдек, Ҳисоб палатасининг “Масофавий аудит”, “Давлат аудити” автоматлаштирилган ахборот тизимлари, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ”UzASBO 2” ахборот тизими ҳамда вазирликлар учун “Мониторинг Портал” махсус ахборот тизими ишлаб чиқилганлиги боис вазирлик тизим ташкилотлардаги барча молиявий операцияларни кузатиб бориш имконияти яратилган.
Тадбир давомида вазирлик ва унинг тизим ташкилотларига республика бюджетидан ажратилган маблағлар асосида 2025 йил учун тузилган харажатлар сметасининг январь–октябрь ойларидаги ижроси кўриб чиқилди.
Шунингдек, вазирликнинг Ички аудит хизмати билан ҳамкорликда 2025 йилнинг ўтган 10 ойлигида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, йил якунига қадар бажарилиши режалаштирилган устувор вазифалар муҳокама қилинди.






