Ташқи меҳнат миграцияси бўйича аниқ вазифалар
2026-01-16 10:45:00 / Янгиликлар

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари иштирокида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда ташқи меҳнат миграциясини тизимли йўлга қўйиш, фуқароларимизни хорижда юқори даромадли ва қонуний иш ўринларига йўналтириш бўйича ишлаш ҳудуд раҳбарлари ва Ўзбекистоннинг чет мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналарининг асосий вазифалардан этиб белгиланди:
1. Хорижда иш ўринларини кенгайтириш
Бугунги кунда Ўзбекистон фуқаролари ташкилий миграция асосида 30 дан ортиқ давлатда меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Эндиликда, Швеция, Дания ва Норвегия билан ҳамкорликни кенгайтириш орқали фуқароларимизни юқори даромадли иш ўринларига йўналтириш, шунингдек, АҚШ билан мавсумий ишлар бўйича ҳамкорликни ривожлантириш топширилди.
2. Касб ва тилга тайёрлашни кучайтириш
Бугунги кунда Германия, Япония ва Жанубий Корея компаниялари томонидан мамлакатимизда касб ва тилга ўқитиш бўйича ўқув курслари ташкил этилмоқда. Бундан буён, элчилар хорижий иш берувчилар талабига кўра касб ва тилга ўқитишга ҳам масъул бўлиши белгиланди.
3. Хориждаги фуқаролар билан бевосита ишлаш
Элчилар ва консулларга хориждаги фуқаролар билан жойига чиқиб ишлаш, консуллик хизматларини соддалаштириш, келиб тушаётган мурожаатларни тезкор кўриб чиқиш, бепул колл-марказ ташкил этиш, ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш вазифаси юклатилди.
Президент Шавкат Мирзиёев хориждаги фуқароларимизнинг ҳуқуқий мақомини таъминлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди:
“Хорижда ноқонуний бўлиб турган фуқароларимиз борлиги бизни ташвишга солади”,
– деди давлатимиз раҳбари.
Ўтган йил Россияда 150 мингдан зиёд фуқарога «миграция амнистияси»ни қўллашга эришилди. Бошқа мамлакатларда ҳам фуқароларимизга қонуний асосда ишлашларига кўмаклашиш, шу билан бирга фуқароларимиз ҳам ўзлари бўлиб турган давлат қонунчилиги талабларига риоя қилишлари лозимлиги таъкидланди.
