Автомобиль йўллари қўмитасининг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисида ҳисобот
Умумий маълумотлар
|
Тўлиқ номи: |
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси. |
|
Ташкилий-ҳуқуқий шакли: |
Муассаса. |
|
Юридик манзили: |
Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Мустақиллик шоҳ кўчаси, 68-уй. |
|
Фаолият тури: |
Автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш. |
Автомобиль йўллари қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги “Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–4954-сон Фармонига асосан Автомобиль йўллари қуриш ва фойдаланиш давлат-акциядорлик компанияси (“Ўзавтойўл” ДАК) негизида ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги “Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5647-сон Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси этиб қайта номланган ҳолда Транспорт вазирлиги таркибига киритилган.
Автомобиль йўллари қўмитаси автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш ва табиий офатларнинг олдини олиш, уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ягона буюртмачи ҳисобланади.
Автомобиль йўллари қўмитаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Транспорт вазирлигининг қарорларига ҳамда Автомобиль йўллари қўмитаси низомига амал қилади.
Автомобиль йўллари қўмитаси ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.
Автомобиль йўллари қўмитасининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
Автомобиль йўллари қўмитасининг ташкилий тузилмаси
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 октябрдаги “Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–330-сон қарори билан Автомобиль йўллари қўмитасининг ташкилий тузилмаси тасдиқланган.
Автомобиль йўллари қўмитасининг ташкилий тузилмасида:
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар автомобиль йўллари бош бошқармалари;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри минтақавий йўлларга буюртмачи хизматлари;
туман йўллардан фойдаланиш корхоналари;
йўллардан мунтазам фойдаланиш корхоналари;
“Ўзйўлкўприк” кластери ва унинг ҳудудий филиаллари;
Автомобиль йўллари техник ҳолати таҳлили ва ҳаракат хавфсизлиги маркази;
Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази;
Автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институти;
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси;
“Автойўлинвест” агентлиги ва бошқа корхоналар фаолият юритади.
Автомобиль йўллари қўмитаси фаолиятининг 2025 йилдаги асосий йўналишлари
Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан 2025 йил давомида қуйидаги асосий йўналишларда ишлар олиб борилди:
автомобиль йўллари тармоқларини ривожлантириш ва такомиллаштириш истиқболларини белгилаш;
автомобиль йўлларини ривожлантириш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
автомобиль йўлларини молиялаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш масалалари комплекс ҳал этилишини ташкил этиш ҳамда буюртмачи хизматининг самарали фаолиятини ташкил этиш;
автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш сифати устидан назоратни амалга ошириш;
хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларининг, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларининг мавжуд тармоғи сақланишини таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш;
илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасида инновацион технологиялар ва замонавий стандартларни жорий этиш;
автомобиль йўллари соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
автомобиль йўлларини лойиҳалаш соҳасидаги нормалар ва стандартларга риоя этилишини таъминлаш;
йўл хўжалиги соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.
Автомобиль йўллари тармоғини ривожлантириш бўйича 2025 йилда амалга оширилган асосий тадбирлар
Республикада жами 184 596 км автомобиль йўллари мавжуд бўлиб, шундан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари 42 371 кмни, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчалари 142 225 кмни ташкил этади.
2025 йилда республика автомобиль йўллари тармоғини янада ривожлантириш мақсадида қуйидаги асосий йўналишларда амалий ишлар олиб борилди:
йўл қурилиш-таъмирлаш ишларида лойиҳа ҳужжатларининг намунавий андозаларидан тўлиқ воз кечилиб, лойиҳалар ҳар бир ҳудуднинг геологик ва экологик хусусиятини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилди;
лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда диагностика қилиш, йўл қопламасининг физик хоссаларини баҳолаш, ер ости коммуникация тармоқлари мавжудлигини қопламани бузмаган ҳолда текшириш мақсадида Жаҳон банкининг грант маблағлари ҳисобига харид қилинган замонавий рақамлаштирилган 3D мобиль сканери, Дефлектометр FFD 8012, Георадар RIS-HiPave русумли ва бошқа махсус техникалардан кенг фойдаланилди;
сифатли қурилиш материаллари (янги турдаги чақиқтош мастикали, А типдаги асфальтбетон) ва янги маркадаги битум (БНД 50/70 ва полимербитум) маҳсулотларидан кенг фойдаланилди;
2025 йилда тасдиқланган дастурлар доирасида жами 15 трлн 758 млрд сўм миқдорида йўл ишлари бажарилди ва 21 553 км автомобиль йўллари қурилди, реконструкция қилинди ва таъмирланди, жумладан:
Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 3 трлн 580 млрд сўм миқдорида йўл ишлари бажарилди ва 463,1 км автомобиль йўллари реконструкция қилинди ва таъмирланди;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини техник соз ҳолатда сақлаш бўйича 4 трлн 330 млрд сўм миқдорида йўл ишлари бажарилиб, 7 183 км автомобиль йўллари таъмирланди ва ҳолати яхшиланди;
“Ташаббусли бюджет” дастури доирасида 2 трлн 782 млрд сўм маблағ ҳисобига 5 919 км ички йўллар таъмирланди, бундан ташқари ҳудудларда 2 748,5 км тупроқ йўллар шағаллаштирилди;
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ҳамда ҳудудларда йўл инфратузилмасини яхшилашга қаратилган дастурлар доирасида 1 трлн 372 млрд сўм ҳисобига 5 026,2 км ички йўллар таъмирдан чиқарилди;
жами 320 дона кўприкларда таъмирлаш ва тиклаш ишлари олиб борилди;
халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳалар бўйича 300,3 млн доллар маблағ ўзлаштирилди ва 213,1 км автомобиль йўллари реконструкция қилинди;
соҳага оид 42 та стандарт ва меъёрий ҳужжатлар илғор хорижий тажриба асосида қайта ишлаб чиқилди;
соҳага оид меъёрий ҳужжатлар базаси такомиллаштирилиб, мутахассисларга электрон шаклда фойдаланиш учун қулайлик яратиш мақсадида “Автойўл норма” электрон платформаси (avtoyulnorma.uz) йўлга қўйилди;
янгидан бошланган объектларни лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, йўл қурилиши ишларини амалга ошириш, шунингдек, уларни қабул қилиб олиш ишлари сифат ва ҳажм кўрсаткичларини назарда тутувчи “ҳажм усули”да олиб борилди (сифат назорати учинчи томон бўлган мустақил консалтинг компаниялар томонидан олиб борилди);
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларига хусусий сектор жалб қилиниб, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жами 860 километр автомобиль йўлларни эксплуатация қилиш ишлари аутсорсинг асосида хусусий тадбиркорларга берилди;
тизим ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун 194 та янги йўл техникалари харид қилинди;
автомобиль йўлларида юк автомобилларининг вазни ва ҳажмини назорат қилувчи жами 86 та ўлчов-назорат шохобчалари ўрнатиладиган жойлар аукцион савдоларига чиқарилиб, шундан 41 таси бўйича ғолиб тадбиркорлар аниқланди;
“Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида ҳудудларда 3 017 км йўл бўйларига 8 млн 840 минг донадан ортиқ дарахт ва бута кўчатлари экилди ҳамда йўл бўйларидаги дарахт ва терак кўчатларини аҳоли ҳамда йўл ишчиларига ўзаро манфаат асосида ижарага бериш бўйича янги тизим асосида ишлар олиб борилди;
етакчи хорижий давлатларда 70 нафардан ортиқ мутахассис, хусусан Америка Қўшма Штатлари, Германия, Испания, Австрия, Хитой Халқ Республикаси, Жанубий Корея, Туркия, Озарбайжон ва бошқа давлатларда малака ва тажрибаларини ошириб келдилар;
аҳоли ва йўллардан фойдаланувчиларга қулайликлар яратиш мақсадида бир қатор объектлар фойдаланишга топширилди, жумладан:
Хива шаҳрида 550 метр узунликдаги ер ости автомобиль йўли қурилиб, фойдаланишга топширилди;
Бекобод туманидаги Дўстлик ва Янгиовул маҳаллалари ҳудудларини боғловчи Сирдарё дарёси устидан ўтган 200 пм узунликдаги кўприк ва унга олиб борувчи 6 км автомобиль йўли қурилиб, фойдаланишга топширилди;
Шароф Рашидов туманидаги Ислом Каримов кўчасини М 39 магистраль йўлига боғловчи янги йўналишдаги 4 км автомобиль йўли ва 700 пм узунликдаги йўл ўтказгич қисқа муддатларда қурилиб, аҳоли учун фойдаланишга топширилди;
Маҳтумқули кўчасидан (уч сатҳли кўприкдан) “Янги Ўзбекистон” боғи чорраҳасигача бўлган қисмида 6,7 км автомобиль йўли ҳамда Олимпия шаҳарчасига туташ ҳудудларда 21 км спорт йўлакчалари қурилди;
Бўстонлиқ туманида “Тошкент-Бўстонлиқ” автомобиль йўлида ер ости пиёдалар (35 метр) ўтиш туннели қисқа муддатларда (48 соат) қурилиб, фойдаланишга топширилди.

