Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсуновнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича мурожаати
Ҳурматли юртдошлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда йўл хўжалиги соҳаси ходимлари!
Мамлакатимизда давлат ва жамият бошқарувининг турли соҳаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида изчил ҳамда самарали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бу борада, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 21 апрелдаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамиятга эгадир.
Мазкур ҳужжат билан Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолиятини янада кучайтириш, янгича тизим асосида ишлаб, улар фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида бир қатор янги механизмлар жорий этилиши белгиланди.
Давлатимиз раҳбари томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган сиёсатдан ўрнак олган ҳолда ва ушбу йўналишда берилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Автомобиль йўллари қўмитасида ҳам коррупцияга қарши курашиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, Қўмитанинг коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида 2025 йил 30 майдаги 41-сонли буйруғи билан Қўмита марказий аппаратида икки нафар ходимдан иборат “Коррупцияга қарши ички назорат” бўлими ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар Автомобиль йўллари Бош бошқармаларида бир нафардан Коррупцияга қарши ички назорат бўйича бош мутахассис лавозими жорий этилди.
Масъулларнинг мустақиллигини таъминлаш мақсадида ҳудудий ички назорат бўйича бош мутахассисларни лавозимга қабул қилиш, лавозимдан озод этиш ва уларга интизомий ёки рағбатлантириш чораларини кўриш Қўмита раисининг буйруғи билан амалга оширилиши белгиланди.
Шунингдек, Қўмита ва унинг идоравий мансуб ташкилотларининг бюджет маблағларидан самарали фойдаланишини ташкил этиш ҳамда унинг устидан доимий равишда мониторинг ва назорат олиб бориш мақсадида Қўмита марказий аппаратида тегишли малака сертификатларига эга бўлган мутахассислардан иборат Ички аудит хизмати ҳам ташкил этилди.
Ушбу йўналишларда лавозимларни малакали кадрлар билан таъминлаган ҳолда фаолиятини самарали ташкил этиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар энг муҳим қадамлардан бири бўлиб, сўзсиз ўзининг ижобий натижаларини беради.
Тизимда коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида бир қатор ички меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди, жумладан:
“Автомобиль йўллари қўмитасида манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш тўғрисида” буйруқ қабул қилинди;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан биргаликда “Автомобиль йўлларида коррупциявий омилларни аниқлаш ва бартараф қилиш ҳамда “коррупциядан холи” муҳитни яратиш борасида манзилли
чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида “Йўл харитаси” тасдиқланди;
Қўмитанинг тегишли буйруғи билан “Манфаатлар тўқнашувини бошқариш бўйича низом” тасдиқланди.
Шу ўринда айрим рақамларга эътиборингизни қаратмоқчиман.
Қўмита ва унинг тизим ташкилотларидаги 4 000 нафарга яқин ходимларнинг қўшимча равишда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳолати ўрганилиб, манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқариш эҳтимоли мавжудлиги сабабли аниқланган 300 та ҳолат бўйича ходимларнинг тадбиркорлик фаолиятига чек қўйилган.
Қўмитанинг 59 та функцияси коррупциявий хавф-хатар бўйича баҳолашдан ўтказилиб, хавф-хатари “юқори” ва “ўрта” даражада бўлган функциялар “паст” даражага туширилди.
Қўмита ва тизим ташкилотларидан жами 29 нафар ходим коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус ўқув дарсларида ўқитилиб, ISO 37001:2016 халқаро сертификатини қўлга киритди.
Ҳозирда Қўмита ва унинг ҳудудий бош бошқармалари томонидан
ISO 9001 халқаро сертификатини қўлга киритиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Қўмита ва унинг тизим ташкилотларида ходимларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳолатлари, ходимларнинг ўриндошлик асосида тизим ташкилотларига кириш ҳолатлари, жисмоний ва юридик шахслардан манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари бўйича келиб тушган мурожаатлари, ходимларнинг манфаатлар тўқнашуви декларацияларини тўлдириш ҳолатлари доимий равишда ўрганиб борилмоқда.
Тизимда коррупцияга қарши курашиш борасида 13 та ички ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, барча соҳа ходимлари ушбу ҳужжатлар билан таништирилиши таъминланди:
—коррупцияга қарши курашиш сиёсати;
—одоб-ахлоқ қоидалари;
—коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш услубиёти;
—манфаатлар тўқнашувини бошқариш бўйича низом;
—алоқа каналлари орқали коррупциявий хатти-ҳаракатлар тўғрисида келиб тушган хабарларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш регламенти;
—ходимларнинг коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўқитилишини ташкил қилиш бўйича йўриқнома;
—контрагентларни текширишга оид йўриқнома;
—ишга қабул қилинаётган номзодларни текшириш бўйича йўриқнома;
—коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини мониторинг
ва назорат қилиш услубиёти;
—коррупцияга қарши курашиш тизимининг ҳолати ҳақидаги ҳисоботни шакллантириш ва тақдим этиш регламенти;
—коррупциявий хатти-ҳаракатлар ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш ҳолатлари устидан хизмат текширувларини ўтказиш бўйича регламент;
—давлат харидларини ўтказиш тўғрисида низом;
—коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этишга ундаш ҳолатлари ҳақида хабар бериш, уларни рўйхатга олиш, кўриб чиқиш ҳамда уларга қарши курашишдаги ходимларнинг фаол иштироки учун рағбатлантириш тўғрисида тартиб.
Меҳнат шартномаларига коррупцияга қарши шартлар киритилди.
Барча ходимлар томонидан “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги декларация тўлдирилиши ҳамда янги ишга қабул қилинган, бошқа ишга ўтган ходимларга манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияни мунтазам равишда тўлдириб бориш амалиёти йўлга қўйилди.
Коррупция ҳолатлари ҳақида келиб тушган мурожаатлар, ўтказилган хизмат текширувлари ҳамда коррупцион ҳолатларга йўл қўйган шахсларга нисбатан қўлланилган интизомий жазо чоралари бўйича реестр юритилиши амалиёти йўлга қўйилди.
Коррупция ва рақобатга қарши курашиш бўйича 260 дан ортиқ тарғибот ишлари амалга оширилди.
Ходимларнинг коррупцияга қарши курашиш ҳамда давлат харидлари бўйича билим ва малакасини ошириш амалиёти йўлга қўйилиб, бугунги кунга қадар тизимдаги 350 дан ортиқ ходим ўқитилди.
Коррупцион хатти-ҳаракатларга нисбатан нафратни уйғотувчи, унинг оқибатларини тавсифловчи, коррупцияга қарши курашишга ундовчи 150 та дан ортиқ брошюралар, буклетлар, плакатлар, ўқув-қўлланмалари ишлаб чиқилди ва чоп этилди. Шунингдек, коррупцияга қарши курашишни тарғиб қилувчи бир қатор видеороликлар тайёрланди.
Соҳада коррупцияга қарши курашиш бўйича аниқ тадбирлар амалга оширилиши натижасида “Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги рейтинги”да Автомобиль йўллари қўмитаси 2022 йилдаги қониқарсиз (37 балл) ўриндан 2023 ва 2024 йиллар давомида яхши (85 балл) ва қониқарли (73 балл) ўринларни эгаллади.
Юқорида қайд этиб ўтилган ижобий натижаларга қарамасдан, коррупцияга қарши курашиш ишларини изчил давом эттиришимиз ва Қўмита тизимида “коррупция учун жавобгарлик муқаррар” деган қатъий ижтимоий фикрни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсатининг ҳаракатлантирувчи куч сифатида давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, фуқароларимиз томонидан ушбу иллатга қарши олиб борилаётган курашни ягона тизимли ҳаракатга айлантириш ҳамда коррупцияга қарши стандартлар меъёрга айланган, ушбу иллатга қарши муросасизлик ва тоқатсизлик максимал нуқтага чиққан жамият барпо этиш энг муҳим вазифаларимиздан биридир. Шу боис, йўл хўжалиги ходимларидан коррупцияга қарши курашиш тамойилларига сидқидилдан амал қилишларини, коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳужжатларда белгиланган вазифаларни масъулият билан бажаришларини сўраб қоламан.
Сўзим охирида барчани мансабдор шахслар томонидан йўл қўйилаётган коррупцион ҳолатлар, юзага келаётган манфаатлар тўқнашуви ҳамда бошқа салбий оқибатлар юзасидан Қўмитанинг тегишли алоқа каналлари орқали боғланишга ва коррупцияга қарши курашда фаол иштирок этишга чақириб қоламан.
Aloqa kanallari:
Ishonch telefoni: +(99871) 207-67-68 (149)
Pochta manzilimiz: info@uzavtoyul.uz
Telegram bot: @uzavtoyul_anticorBot
