“Ватанга қайтариш” номли хайрия акцияси якунланди
2025-09-12 14:15:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги томонидан Ташқи ишлар вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, шунингдек, хориждаги дипломатик ваколатхоналар ҳамкорлигида 2024 йил 30 июлдан 30 августга қадар “Ватанга қайтариш” номли хайрия акцияси амалга оширилди.
Ушбу акция доирасида хорижда қийин аҳволга тушиб қолган фуқароларимизга ҳуқуқий ёрдам ва консуллик кўмаги кўрсатилди ҳамда уларнинг хавфсиз ва муносиб шароитларда Ватанга қайтиши таъминланди.
Тадбирда хотин-қизлар ва болаларни Ватанга қайтариш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган бир ой давомида Агентликнинг Call-маркази ҳамда дипломатик ваколатхоналар ишонч телефонлари орқали 3 минг 400 дан ортиқ мурожаатлар қабул қилинди.
Шунингдек:
• 2 минг 100 дан зиёд ҳамюртларимизга ҳужжат расмийлаштириш ва жазони ўташ муассасаларидан қайтиш бўйича ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилди;
• 1 минг 300 фуқаромиз дунёнинг 15 та давлатидан Ватанга, ўз оиласи бағрига қайтарилди.
Хусусан,
• Россиядан – 993 нафар
• Туркиядан – 106 нафар
• АҚШдан – 56 нафар
• Қозоғистондан – 39 нафар
• Кореядан – 8 нафар
• Арманистондан – 4 нафар
• Ҳиндистон, Япония, Польша ҳамда Беларусиядан – 3 нафардан
• Мисрдан – 2 нафар
• Қирғизистон , Латвия, Саудия Арабистони ва Озарбайжондан 1 нафардан.
Хорижда мураккаб шароитда қолган 654 нафар аёл ва 438 нафар боланинг Ватанга қайтарилиши мамлакатимиз томонидан амалга оширилган муҳим гуманитар ташаббус бўлди.
Шунингдек, бир неча ой давомида хорижий мамлакатларнинг депортация марказларида сақланиб келаётган 163 нафар ҳамюртларимиз ҳам Ўзбекистонга олиб келинди.
Бугунги кунда оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича масъул идоралар, шунингдек, бандлик ва ижтимоий ҳимоя органлари томонидан хориждан қайтарилган фуқароларни реинтеграция қилиш бўйича тегишли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Маълумот учун:
Ушбу тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 18 сентябрдаги– “Хорижий мамлакатларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган ўзбекистонлик хотин-қизларнинг муаммоли масалаларини ҳал этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 590/2-сон қарори асосида яна давом эттирилади.
Якуний сўз ўлароқ, айтиш жоизки, “Ватанга қайтариш” акцияси инсон қадри ва фуқаролик масъулиятини юксак қиймат деб билувчи давлат сиёсати самарасидир. Бу каби тадбирлар орқали ҳар бир фуқаронинг тақдири ва хавфсизлиги давлатнинг эътибор марказида эканини яна бир бор намоён этди.
