Россияда вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётган ҳамюртларимиз учун ЭСЛАТМА
2025-06-30 13:00:00 / Янгиликлар

Россия Федерацияси Президентининг имзолаган фармонига кўра Россия Федерациясидаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақомини расмийлаштириши (легализация)лозим бўлган муддат 2025 йилнинг 10 сентябргача узайтирилганлигидан ҳабарингиз бор.
Сизларни шу йилнинг 10 сентябрига қадар ҳуқуқий мақомингизни тартибга келтиришингизни сўраймиз. Бу жараён қандай амалга оширилиши ҳақида ушбу видеороликда батафсил тушунтириб берамиз.
1-қадам. Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг расмий саҳифасига кириб, назоратдаги шахслар рўйхатида бор ёки йўқлигингизни аниқлаб олинг.
2-қадам. Кейин Россия Федерацияси Суд ва ижро ишлари бўйича Федерал хизмат саҳифасида қарзларингиз бор ёки йўқлигини аниқлашингиз керак. Агар қарзлар ва жарималар бўлса, уларни тўлашингиз шарт.
3-қадам. Ундан сўнг сиз ўзингиз билан фуқаролик паспорти, миграция картаси ва қарздорлигингиз йўқлиги ҳақидаги маълумотнома билан РФ ИИВ маҳаллий бўлими ёки Сахарово кўп сонли миграция марказига мурожаат қиласиз. Мурожаат давомида сиздан биометрик маълумотлар олинади (яъни расмга тушасиз, бармоқ изларини топширасиз, ҳамда тиббий кўрикдан ўтасиз). Шунингдек, сиз рус тили, Россия тарихи ҳамда қонунчилиги тўғрисида тест топширишингиз керак бўлади. Агар сизда амалдаги сертификат бўлса, сиз тест синовларидан озод қилинишингиз
мумкин.
Барча мажбурий тўловларни амалга оширганингиздан сўнг сизга махсус маълумотнома берилади. Ушбу маълумотнома билан сиз 7 иш куни мобайнида ИИВ маҳаллий бўлимига бориб миграция рўйхатидан ўтишингиз лозим. Эътибор беринг, ушбу маълумотнома орқали сизга одатда 14 кунлик миграция рўйхатидан ўтиш, яъни регистрация берилади.
Айнан шу муддат ичида сиз патентингизни олишингиз керак бўлади. Кейин эса ўз ҳудудингиздаги миграция бўлимига бориб, патент асосида миграция рўйхатидан ўтиш вақтини узайтирасиз.
Патент олганингиздан сўнг сиз икки ой ичида Россия Ички ишлар органларига хабарнома (яъни уведомление) юборишингиз керак бўлади. Агар сиз ушбу хабарни бермасангиз, патентингиз бир йилга тўхтатилади.
