Расмий муносабат!
2026-05-25 09:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ижтимоий тармоқларда Корея Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган айрим фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Миграция агентлигининг Корея Республикасидаги ваколатхонасига E-9 визаси асосида фаолият юритаётган фуқаролар томонидан соғлиқ ҳолати, меҳнат шароити ва иш жойини ўзгартириш масалалари бўйича мурожаатлар келиб тушмоқда.
Ҳар бир мурожаат амалдаги қонунчилик, уч томонлама шартномалар ва Корея Республикаси меҳнат тартиб-қоидалари асосида тегишли ташкилотлар ҳамда иш берувчилар билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилади.
Жумладан, HD Hyundai Heavy Industries тизимида фаолият юритаётган айрим фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан ҳамкор корхоналар ва Корея томони билан қўшимча ўрганиш ишлари олиб борилган.
Ўрганишлар давомида меҳнат жараёнида соғлиқ билан боғлиқ муаммолар юзага келган фуқароларнинг тиббий ҳужжатлари, иш шароити ва Корея меҳнат қонунчилигида белгиланган ижтимоий ҳимоя механизмлари атрофлича таҳлил қилинди.
Корея томонидан иш жараёнида жароҳат олган ёки касб касаллигига дуч келган ходимлар ушбу давлат қонунчилиги асосида ҳимоя қилиниши, жумладан саноат жароҳати суғуртаси (산재보험) орқали даволаниш ҳуқуқига эга экани маълум қилинган.
Шу билан бирга, мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида айрим жавоб хатларида техник хатоликларга йўл қўйилгани аниқланиб, тегишли маълумотлар қайта кўриб чиқилди ҳамда янгиланган жавоб хатлари фуқароларга қайта юборилди.
Миграция агентлиги хорижда фаолият юритаётган ҳар бир фуқаронинг мурожаатига алоҳида эътибор қаратади ва уларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ишлар давом эттирилишини маълум қилади.
Шунингдек, фуқаролардан меҳнат шартномалари талабларига риоя қилиш, иш жойини ўзбошимчалик билан тарк этмаслик ва юзага келган муаммолар бўйича аввало расмий тартибда ваколатхона ҳамда масъул ташкилотларга мурожаат қилиш сўралади.
