Сиз Италия, Словакия, Португалия, Канада ва Франция давлатларида яшайсиз тўғрими?
2026-01-22 09:00:00 / Эълонлар

Айнан Сиз учун ажойиб таклиф - Миграция агентлигининг фахрий вакили сифатида фаолият юритиш имкониятига эгасиз.
Юқоридаги хорижий давлатларда доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган номзодларга қўйиладиган малака талаблар:
- олий маълумотли;
- икки йиллик раҳбарлик лавозимларидаги тажриба (корхона, ташкилот раҳбари ёки 5 нафардан ортиқ жамоага раҳбарлик қилиш тажрибаси);
- дипломатик этикет қоидаларига мувофиқлик, музокаралар ўтказиш ҳамда иш берувчилар билан ишлаш тажрибаси;
- меҳнат қонунчилиги, ишга жойлаштириш, фуқаролар билан ишлаш соҳасида камида икки йиллик тажриба;
- хорижий давлатдаги қонунчилик ва маҳаллий тартиб-қоидалардан хабардорлик.
Агарда, Сиз юқоридаги талабларга мувофиқ бўлсангиз info@migration.uz электрон почта манзилига қуйидаги маълумотларни илова қилган ҳолда мурожаат қилинг:
• иш тажрибаси, фаолияти давомида эришган ютуқлари, шахсий фазилатлари ҳамда ўзингиз ҳақида бошқа маълумотларни ёритиб берувчи CV (резюме);
• хориждаги яшаш манзилини тасдиқловчи ҳужжат, электрон почта манзили ва алоқа учун телефон рақами;
• мотивацион хат (letter of motivation).
Сизнинг маълумотларингиз бизнинг талабларга мувофиқ келган тақдирда сиз билан боғланамиз.
Ушбу эълонга мувофиқ, маълумотларингизни 2026 йил 01 февралга қадар юборишингиз мумкин.
Миграция агентлиги Фахрий вакилининг асосий вазифалари
1. Хорижий давлатларда янги, қонуний ва ишончли иш ўринларини аниқлаш, ушбу масалалар бўйича маҳаллий ваколатли идоралар ва иш берувчилар билан музокаралар олиб бориш;
2. Ўзбекистонлик фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, мураккаб ҳаётий вазиятларга тушиб қолган фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда иштирок этиш;
3. Меҳнат миграцияси соҳасида ахборот тарқатиш, тарғибот ишларини амалга ошириш;
4. Миграция агентлиги билан доимий алоқа ўрнатиш, иш жараёнлари тўғрисида мунтазам ахборот ва ҳисобот тақдим этиб бориш;
5. Меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари бузилган ҳолларда бу ҳақда Миграция агентлигига тезкор маълумот тақдим этиш ва тегишли чораларни кўришда кўмаклашиш.
Миграция агентлиги Фахрий вакили фаолияти учун зарур шарт-шароитлар ва молиявий қўллаб-қувватлаш
1. Фахрий вакил ўз фаолияти шартномавий-ҳуқуқий муносабатлар асосида амалга оширади ҳамда ҳар ойда фаолият самарадорлигидан келиб чиқиб, фаолият юритаётган давлатда ўрнатилган (соатбай, кунбай, ҳафталик ёки ойлик) минимал меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган “Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори”нинг 30 бараваригача рағбатлантириб борилади (бу таҳминий 3 000 АҚШ доллари миқдорида).
2. Ўзига юклатилган вазифалар ижроси бўйича натижадорликни инобатга олган ҳолда, ҳисобот асосида Миграция агентлиги маблағлари ҳисобидан фахрий вакилнинг вазифаларини бажариши билан боғлиқ қуйидаги жорий харажатлар қоплаб берилади, жумладан:
а) транспорт харажатлари;
б) сафар харажатлари доирасидаги меҳмонхона харажатлари;
в) маҳаллий рекрутинг ташкилотлари ва иш берувчилар билан учрашувлар ўтказиш учун сарфлар.
