Брифинг
2025-09-26 18:00:00 / Брифинглар

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган 27 та ҳужжат асосида жорий йилда Агентликка жами 118 та муддати октябрь ойигача бўлган топшириқлар белгиланган. Бугунгача, уларнинг 113 таси тўлиқ бажарилди, қолган 5 та топшириқнинг ижроси якунланмоқда.
Ушбу топшириқлар ижроси доирасида меҳнат миграцияси соҳасида бир қатор муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Энг муҳим янгиликлардан бири – меҳнат миграцияси соҳасида қонунчиликнинг тубдан такомиллаштирилиши бўлди. Жумладан, "Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида"ги Қонунга ўзгартишлар киритилиб, уларни лицензиялаш тартиби соддалаштирилди:
Лицензия учун талаб қилинадиган маблағ миқдори 8500 баравардан 4000 бараваргача камайтирилгани енгиллик бўлди.
Хусусий бандлик агентликлар энди фуқароларни чет тили ва касбга ўқитиш, шунингдек хорижий иш берувчиларни жалб қилиш ҳуқуқига эга.
Энг муҳими – шартнома бўйича юборилаётган фуқаролар олдида агентлик ва иш берувчининг солидар жавобгарлиги белгилаб қўйилди.
Шу билан бирга, “Меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилди.
Яна бир янгилик фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор молиявий имтиёзлар жорий этилди. Эндиликда ташкиллаштирилган ҳолда ишга кетувчи фуқаролар учун 2 йил муддатга 10 млн сўмгача кредит ажратилади. Чет тили ўқитувчиларига 50 млн сўмдан субсидия тўланади.
Меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга “Ишчи виза” учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваригача, Малака имтиҳонлари учун — 3 бараваргача, Йўл чиптаси учун — 2 бараваргача компенсация бериш тартиби йўлга қўйилди. Суғурта субсидия миқдори 50 минг сўмдан 300 минг сўмгача оширилди.
Натижада 2 042 нафар фуқарога суғурта учун субсидия берилди. 445 нафар фуқарога компенсациялар ажратилган. Шундан 248 нафарга — ишчи виза, 192 нафарга — йўл чиптаси, 5 нафарга — малака имтиҳони харажатлари учун берилган.
Миграция агентлиги томонидан йўлга қўйилган мақсадли ишлар натижасида меҳнат миграцияси географияси кенгаймоқда. Хусусан Италия, Франция ва Қувайт каби давлатлар билан ҳукуматлараро келишувлар, шунингдек, 24 та давлатдаги 151 та иш берувчи билан ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Хорижий ташкилотлар билан ўқув курслари ташкил қилинди. Аҳолини ишга жойлаштириш жараёнлари рақамлаштирилиб, Хусусий агентликлар шартномаларини онлайн рўйхатдан ўтказиш тизими жорий қилинди. Фуқароларга “One-ID”, “Face-ID”, “Mobile-ID” орқали шахсни идентификация қилиш имконияти яратилди.
Амалга оширилган ишлар мамлакатимиз фуқароларини хавфсиз, ташкиллаштирилган ва қонуний меҳнат миграциясига йўналтириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.
