«Ахборот технологиялари атамаларининг изоҳли луғати» тақдимоти ўтказилди
2023-01-27 18:40:00 / Вазирлик янгиликлари

Ҳозирги кунда ахборот-коммуникация технологиялари ҳаётимизга жадал суръатлар билан кириб келмоқда. Бугун нафақат маҳсулотлар, балки хизматларни ҳам АКТ орқали сотиш ва харид қилиш имконияти пайдо бўлди.
Замонавий АКТни жамиятнинг барча соҳаларига жорий этиш ҳамда улардан фойдаланиш, фуқароларнинг ахборотга ортиб бораётган талаб-эҳтиёжларини янада тўлароқ қондириш, жаҳон ахборот жамиятига кириш, ҳамда жаҳон ахборот ресурсларидан фойдаланишни кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда.
Жумладан, тақдимоти ўтказилган алифбо тартибида жойлаштирилган 10 000 га яқин атамани ўз ичига олган ушбу луғат Вазирлик ҳамда «UNICON.UZ» ДУК мутахассислари томонидан Ўзбекистон Президентининг «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижроси доирасида ишлаб чиқилди.
Мазкур изоҳли луғатни яратишдан кўзланган асосий мақсад АКТ соҳаси ходимлари, олий ва ўрта махсус ўқув юртлари талабалари ҳамда барча қизиқувчилар фойдаланилиши мумкин бўлган терминологик базани шакллантириш, АКТ соҳасида ўзбек тилини жорий қилиш имкониятини янада кенгайтириш ҳамда атамаларнинг нафақат ўзбек тилидаги эквивалентини, балки уларнинг маънодошини ҳам тўғри ва аниқ танлаш имкониятини яратишдан иборатдир.
Луғатни тузишда техникага оид хорижий адабиётлар, маълумотномалардан, норматив ҳужжатлар, ўқув қўлланмалари, Халқаро электралоқа иттифоқи тавсиялари ҳамда Интернет материалларидан фойдаланилди.
Шунингдек, ушбу луғатнинг қулай жиҳатларидан яна бири шуки, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги атамалар билан бирга уларнинг таърифлари ҳамда шу атамаларнинг инглиз ва рус тилидаги муқобиллари келтирилган.
Ушбу луғат Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2000 дона нашр қилинди ҳамда нафақат Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги корхона ва ташкилотларга, балки мамлакатимизда фаолият юритувчи барча вазирлик ва идоралар, шунингдек, маҳаллий ҳокимликларга бепул тарқатилди.
Тақдимот давомида Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси директори А. Эминов томонидан ўтган 2022 йилда Жамғарма томонидан амалга оширилган ишлар, нашр қилинган изоҳли луғатлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Бундан ташқари, кундан кунга ривожланиб бораётган соҳа сифатида IТга кириб келаётган янги атамалар жамланиб, ушбу изоҳли луғат кейинчалик янада бойитилиб, қайта чоп этилишини ҳам маълум қилди.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университети Табиий география кафедраси ўқитувчиси Мухриддин Авезов бугунги кунда жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган масала жой номлари, бу борада юзага келаётган муҳокамаларга ўзига хос жавоб бўлиши режалаштирилган «Ўзбекистон жой номларининг изоҳли луғати» ҳақида тўхталиб, уни тузишдан мақсад, унда келтирилган баъзи атамаларнинг маънолари, жой номларини танлашда эътибор қаратилиши керак бўлган муҳим жиҳатларга тўхталиб ўтди.
Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими ҳамда шоир Фахриддин Ҳайитов ушбу нашр кенг жамоатчилик учун ўзбек тили ҳақидаги шеърлар тўплами сифатида муҳим ижодий манбага айланишини таъкидлади.
Тадбир иштирокчилари, шунингдек, давлат тилида иш юритиш ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига оид саволларга ҳам тегишли жавобларни олишди.





