Почта
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2020 йил 14 декабрдаги ПҚ–4921-сон қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан:
2021-2023 йилларда почта алоқасини ривожлантириш бўйича «Йўл харита»;
2021-2025 йилларда почта алоқасининг ривожланишининг мақсадли кўрсаткичлари;
2021 йилда 42 та намунавий туманларда (шаҳарларда) почта алоқаси корхоналарини трансформация қилиш лойиҳаларини кўзда тутувчи «Йўл харита»лар тасдиқланди.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йилда «Ўзбекистон почтаси» АЖ фаолиятини трансформация қилиш, моддий-техник базасини такомиллаштириш ва иш фаолиятини «рақамлаштириш», шунингдек, почта ва курьерлик хизматларини кўрсатиш кўламини кенгайтириш, электрон тижорат, банк ва давлат хизматларини кўрсатишни жорий этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди, жумладан:
«Ўзбекистон почтаси»нинг мавжуд ахборот тизимлари янгиланди, Тўловларни қабул қилиш ва пул ўтказмалари бўйича автоматлаштирилган тизим янгиланиб, «АВВАЛ» бренди остида ишга туширилди ҳамда унинг мобил иловаси ҳам яратилди.
Бугунги кунда мазкур тизимда 95 дан ортиқ тўловларни қабул қилиш имконияти яратилди. Шунингдек, почта алоқаси объектлари ва почталонлар 2 800 та мобил қурилмалар билан таъминланди. Эндиликда почталонлар хизмат кўрсатиш ҳудудида аҳолидан турли тўловларни онлайн режимда қабул қилиши мумкин бўлса, аҳоли эса уйидан чиқмасдан тўловларни онлайн равишда амалга ошириши мумкин.
Почта алоқасининг анъанавий хизматларини такомиллаштириш, уларни рақамлаштириш, жўнатмаларни қабул қилиш, саралаш, онлайн режимда кузатиб бориш ва етказиш жараёнларига ахборот технологиялари ва тизимларини жорий этиш мақсадида «Почта хизматларини кўрсатиш жараёнларини автоматлаштириш тизими» ишлаб чиқилди ва ишга туширилди.
Чекка ҳудудлардаги 1 970 дан ортиқ почта алоқаси объектларида банк хизматларини, жумладан банк карталарини пул маблағлари билан тўлдириш ва нақд пул ечиш бўйича хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди. Бунинг натижасида чекка ҳудудларда яшовчи аҳолига банк хизматларидан фойдаланишларига қулайликлар яратилди.
Яна бир нарсани алоҳида таъкидлаш керакки, бугун республикамизнинг чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли учун 1 055 га яқин почта алоқа объектида 60 турдан ортиқ давлат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилди.
Оддий тильда айтганда энди аҳоли давлат ва банк хизматларидан фойдаланиш учун туман марказига бориши шарт эмас. Энг яқин почта бўлимига бориб, бундай хизматлардан фойдаланиши мумкин.
Маълумки, ахборот технологиялари ривожланиши билан электрон тижорат бозори ҳам ривожланди. Бу жараёнда онлайн савдо майдонларининг аҳамияти жуда ҳам юқори. Ана шундай эҳтиёжларни қондириш, бу жараёнда фаол иштирок этиш мақсадида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини онлайн сотиш ва мижозларга етказиб бериш имкониятини берувчи «УНИСАВДО» онлайн савдо майдончаси яратилди.
Ушбу майдонча тадбиркорларнинг маҳсулотларини республикамизнинг барча вилоятларида сотиш ҳамда аҳолининг ушбу маҳсулотларни онлайн сотиб олиш имкониятини яратди.
Электрон тижорат билан шуғулланувчи тадбиркорларга қулайликлар яратиш мақсадида Тошкент шаҳрида, Андижон вилоятининг Асака туманида, Бухоро вилоятининг Вобкент туманида, Хоразм вилоятининг Ургенч шаҳрида, Самарқанд шаҳрининг Самарқанд шаҳрида, Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида, Навоий вилоятининг Навоий шаҳрида ва Фарғона вилоятининг Яйпан туманида 8 та логистика маркази ташкил этилди.
Мазкур логистика марказлари энг аввало интернет-савдо майдончалари эгаларига ўз маҳсулотларини сақлаш, яъни омборхона муаммосини ҳал этади ҳамда интернет-савдо майдонча орқали харид қилинган маҳсулотларни шу ернинг ўзида қисқа муддат ичида қадоқланиб, мижозларга етказиб бериш имкониятини беради.
Шунингдек, «Гибрид почта» тизими такомиллаштирилиб, Ягона миллий тизим жорий этилди. Гибрид почта хизматнинг афзаллиги шундаки, давлат органлари ва ташкилотлари почта жўнатмаларини конвертга солиш, унга марка ёпиштириш, олувчининг манзилларини ёзиш ва почтага олиб келиш вазифаларидан ҳоли бўлишади.
Эндиликда давлат органлари ва ташкилотлари иш жойларидан хатни электрон шаклда юборади, олувчининг манзилига хизмат кўрсатадиган туман ва шаҳардаги почта алоқаси боғламаси уни қоғоз кўринишда чоп этиб, манзилга етказиб беради. Бунинг натижасида почта жўнатмасини етказиб беришдаги назорат муддатлари қисқаришига эришилди, яъни аввал почта жўнатмалар энг чекка ҳудудда яшовчи аҳолига 6-8 кун ичида етказиб берилган бўлса, эндиликда 1-2 кун ичида етказиб берилмоқда.
Бугунги кунда, 200 дан ортиқ давлат органлари ва ташкилотлари ушбу хизматдан фойдаланмоқда. Гибрид почта жўнатмаларининг ҳажми 2021 йилга нисбатан 2022 йилда
2,5 баробар кўпайиб, 9,9 миллион донани ташкил этмоқда.
Почта алмашинувларини амалга оширишда фойдаланилаётган автотранспорт парки янгиланди, бунинг учун 110 дан ортиқ катта ва кичик ҳажмдаги юк ташувчи автотранспорт воситалари харид қилинди.
Бунинг натижасида, магистраль ва вилоят ички почта алмашинувларининг сони кўпайишига эришилди, жумладан аввал почта алмашинувлари ҳафтасига 5 маротаба ўтказилган бўлса, эндиликда ҳафтасига 6 маротаба ўтказилмоқда.
Туманларда жойлашган почта алоқаси боғламалари ҳам қўшимча автотранспорт воситалари билан таъминланди, баъзи ички маршрутлар қайта тикланди.
Почта жўнатмаларни етказиб беришдаги логистика тизими қайта кўриб чиқилди. Бунда почталонлар электроскутердан фойдаланган ҳолда почта жўнатмаларни марказдаги почта саралаш бўлимидан «боғлама-мижоз» схемаси асосида олиб, олувчиларга етказиб бериш механизми йўлга қўйилди, бунинг учун 500 га яқин электроскутерлар билан таъминланди.
Натижада мижозларга кўрсатилаётган хизматлар сифати яхшиланди ҳамда почта жўнатмаларни етказиб бериш вақтини қисқартиришга эришилди, яъни аввал почталонлар томонидан почта жўнатмалар олувчиларга 2-3 кун ичида етказиб берилган бўлса, ҳозирги кунда электроскутер орқали 1 кун ичида етказиб берилмоқда.
Аҳолига почта алоқаси хизматларидан контактсиз ва куну-тун фойдаланиш имкониятини берадиган ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи автоматлаштирилган почтаматлар хизмати йўлга қўйилди. Бунинг учун 180 та почтаматлар билан таъминланди. Ушбу почтаматлар аҳоли гавжум жойларга, йирик савдо марказларига, олий ўқув юртларига ва почта алоқаси объектларига ўрнатилган.
Эндиликда, жўнатувчи почта жўнатмаларини адресатнинг уй манзилига жўнатмасдан почтаматнинг манзили бўйича жўнатиш, шунингдек адресатлар номига келган почта жўнатмаларини уларнинг хоҳишларига кўра уй манзилларига етказиб берилмасдан, хавфсизлиги таъминланган ҳолда исталган вақтларида почта жўнатмаларини почтаматлардан олиш, бунда почта алоқаси хизматларидан контаксиз фойдаланиш имконияти яратилди.
Барча почта алоқаси объектлари замонавий компьютер техникалари билан таъминланди, жумладан 2 529 дан ортиқ замонавий компьютер техникаси, 1 635 дан ортиқ кўп функцияли (принтер) ускуна, 1 705 дан ортиқ штрих код сканери билан таъминланди.
Аҳолига почта алоқаси хизматларидан фойдаланишлари учун қулайлик яратиш ҳамда кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш мақсадида 3 та туман почта алоқаси боғламаси ва 54 та почта алоқаси бўлимлари фаолияти қайта йўлга қўйилди ҳамда 600 га яқин янги иш ўринлари яратилди.
Почта алоқаси объектларида янги хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилганлиги муносабати билан ҳамда почта алоқаси ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув машғулотлари ўтказилиб, 2021 йилда 3 652 нафар, 2022 йилда 6 309 нафар почта ходимнинг малакаси оширилди.
Бундан ташқари, ҳар бир вилоятдан 3 тадан жами 42 та туманлар намуна сифатида танлаб олиниб, ўша туманларда почта алоқаси хизматларини ривожлантириш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматларнинг сифатини яхшилаш юзасидан ишлар олиб борилди амалга оширилди, жумладан:
- почта алоқаси хизматларини кўрсатишни аҳолига яқинлаштириш мақсадида 14 та Мобил алоқа бўлимлари ташкил этилди;
Ушбу мобил алоқа бўлимлари аҳолининг яшаш манзилларига бориб, ўша ернинг ўзида почта алоқаси хизматларини кўрсатиш имкониятини яратди;
250 дан ортиқ почта алоқа бўлимлари ягона корпоратив дизайн асосида жиҳозланди;
140 дан ортиқ почта алоқаси объектларининг биносини таъмирлаб, замонавий кўринишга келтирилди;
20 дан ортиқ енгил конструкцияли биноларда почта алоқаси хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилди;
330 дан ортиқ почта алоқаси бўлимигача 730 километрдан ортиқ оптик толали алоқа линиялари тортилди.
Кейинги йилларда ҳам «Ўзбекистон почтаси» АЖнинг фаолиятини такомиллаштириш ва ривожлантириш, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, кўрсатилаётган почта алоқаси хизматларининг сифатини яхшилаш ва янги хизматларни жорий этиш бўйича ишлар давом эттирилади.
Биринчи навбатда, қишлоқ ҳудудида жойлашган почта бўлимлари фаолияти самарадорлигини ошириш, у ерда яшовчи аҳоли учун давлат хизматлари, банк хизматлари ва бошқа хизматларни кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилади.
Иккинчидан, почта ва курьерлик хизматлари сифатини яхшилаш ва турлари кўпайтирилади.
Учинчидан, электрон тижорат ривожланиши учун зарур логистик инфраструктура такомиллаштирилади.
Миллий онлайн савдо майдончаси ўз фаолиятини бошлади
Мамлакатимизда кичик ва ўрта бизнес ривожига давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан яратилаётган имкониятлар боис тез фурсатларда ривожланиб бормоқда.
Бу каби ривожланишларга «Ўзбекистон почтаси» АЖ ҳам ўз хиссасини қўшиш ҳамда республикамизда электрон тижоратни янада ривожлантириш ва ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларининг харидоргирлигини ошириш мақсадида миллий онлайн савдо майдончасини яратиш устида ташкилий ишларни олиб борди.
Натижада «Унисавдо.уз» миллий онлайн савдо майдончаси платформаси ишлаб чиқилиб жорий йилнинг февралидан тест тарзида ўз иш фаолиятини бошлади. Бу тизим орқали тадбиркорлар ишлаб чиқарган маҳсулотларини республика бўйича савдога чиқаришлари мумкин бўлади. «Ўзбекистон почтаси» АЖ эса майдонча орқали харид қилинган махсулотларни харидор манзили бўйича етказиб беради. Бунда миллий оператор харидор ва сотувчи ўртасида кафил бўлишдек маъсулиятли вазифани бажаради.
Ҳозирда аҳолимиз хорижий интернет дўконларидан маҳсулот харид қилишни яхши ўзлаштиришган. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини Ўзбекистон бўйлаб сотилиши ҳали унчалик ривожланмаган. «Ўзбекистон почтаси» АЖ тадбиркорларга ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларини сотиш учун махсус майдонча ва манзилга жўнатадиган тизимни таклиф этмоқда. Ҳозирда маҳсулот сақлайдиган омборхона, маҳсулотни қадоқлайдиган тизимлар устида ҳам ишлар олиб борилмоқда. Бу томонлама қулай имлоният бўлади.
«Ўзбекистон почтаси» АЖ сайти орқали сайти орқали (www.pochta.uz) даврий матбуот нашрларига онлайн обуна хизмати йўлга қўйилиб, 250 турдан ортиқ даврий матбуот нашрларига онлайн равишда обуна уюштириш имконияти яратилди.
Ўзбекистон Республикаси почта алоқаси почта жўнатмаларини қабул қилиш, ишлов бериш ҳамда почта жўнатмалари, даврий нашрларни етказиб беришда бир-бири билан ўзаро узлуксиз боғланган почта алоқаси об'ектлари ва почта йўналишларини ўз ичига олади. Почта алоқасининг миллий тизими «Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамияти томонидан географик принтсипга асосланган ҳолда ташкил қилинган ва қуйидагиларни ўз ичига олади:
165 та туман ва шаҳар тармоқлари, 1732 та алоқа бўлимларидан иборат бўлган 14 та минтақавий филиаллар ҳамда 4 та ихтисослаштирилган филиаллари мавжуд;
почта жўнатмаларининг мунтазам равишда ташилишини таъминловчи 1 та темир йўл, 34 та авиа, 230 та автомобилқ йўналишлари.
Почта алоқаси корхоналарида 3688 дона етказиб бериш участкалари мавжуд бўлиб, шундан шаҳар ва шаҳар типидаги посёлкаларда – 1414 дона, қишлоқ жойларда эса 2274 дона етказиб бериш участкалари фаолият кўрсатмоқда. Республика бўйича хат-хабарларни йиғиб олиш мақсадида 2519 дона почта қутилари ўрнатилган бўлиб, шундан -1619 донаси қишлоқ жойларда ўрнатилган.
Почта алоқаси корхонларида 7700 дан ортиқ ходим фаолият юритиб, улар томонидан ҳар куни минглаб хат-хабарлар, пул ўтказмалари, посилкаларга ишлов берилади ҳамда миллионлаб обуначиларга газета ва журналлар етказиб берилади. Шунингдек, бюджет тўловлари, комунал хизматлар учун тўловларни қабул қилиш, телефон тўлови, суғурта полислари, электрон почта ва интернет хизматлари кўрсатилади.
