ҚЎМИТА ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 24-майдаги “Эр қаъридан фойдаланиш, саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги ҳамда атом энергиясидан фойдаланиш соҳаларида давлат бошқаруви ва назорати тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-79-сонли Фармони ҳамда 2024-йил 24-майдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-186-сонли қарорига асосан Қўмита мустақил мақомга эга бўлган ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланиб, хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги ҳамда атом энергетикаси ва ядро технологиялари объектларида радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, лифтлар ва аттраксионлар хавфсизлиги соҳаларида ягона давлат сиёсатини амалга оширади ва назорат қилади.
Қўмита бевосита Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади ва фаолияти юзасидан ҳисобот беради ҳамда ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ўз Низоми ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
Қўмитанинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурий ҳисобланади.
Қўмитанинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси;
қисқартирилган номи – Саноат, радиасия ва ядро хавфсизлиги қўмитаси.
б) рус тилида:
тўлиқ номи – Комитет промышленной, радиaционной и ядерной безопасности при Кабинете Министров Республики Узбекистан;
қисқартирилган номи – Комитет промышленной, радиaционной и ядерной безопасности.
в) инглиз тилида:
тўлиқ номи — «Industrial, radiation and nuclear safety committee under the Cabinet of Ministers of the Republic of Uzbekistan»;
қисқартирилган номи — Industrial, radiation and nuclear safety committee.
