ЯДРО ХАВФСИЗЛИГИДА ТАРТИБГА СОЛИШ МАСАЛАЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ БЎЙИЧА КОМПЛЕКС ХИЗМАТЛАР - IRRS
2025-09-29 16:00:00 / Янгиликлар

Тадбирда АЭХА экспертлари Хилари Мансуа ва Жан-Рене Жубен ҳамда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси, Соғлиқни сақлаш, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар, Экология, Қурилиш, Тоғ-кон саноати ва геология вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Божхона қўмитаси, вазирлиги, Гидрометеорология хизмати маркази, Фанлар академияси Ядро физикаси институти, “Ўзатом” агентлиги мутахассислари иштирок этдилар. Қўмита раиси ўринбосари С.Якубеков тадбирни очар экан, у ўз чиқишида мазкур миссиянинг Ўзбекистон Республикасида радиация ва ядро хавфсизлигини тартибга солиш инфратузилмасини ривожлантириш долзарблиги, асосий миссияни ўтказишга сафарбар қилинадиган ташкилотларнинг масъулияти ҳақида нутқ сўзлади. Шу билан бирга, АЭХА эксперти Х.Мансуа миссияни ўтказиш учун АЭХА томонидан жалб қилинадиган эксперт кўмаги ва миссия натижалари бўйича бериладиган таклифлар Ўзбекистон томонидан амалга ошириладиган ўз-ўзини баҳолаш ҳисоботига боғлиқлигини таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг, тадбир иштирокчилари билан танишув жараёнида иштирок этаётган вазирлик ва идораларнинг миссиядаги вазифалари ҳам муҳокама қилинди. Сўнгра Радиация ва ядро хавфсизлиги департаменти бош мутахассиси А.Аширметов томонидан Ўзбекистондаги тартибга солиш инфратузилмаси, IRRS миссияси қамрови ва иштирокчи ташкилотлар мавзусидаги тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда Ўзбекистондаги мавжуд қонунчилик ва институтционал асослар, радиация ва ядро хавфсизлигини тартибга солишда иштирок этувчи давлат органларининг роли, вазифа ва функцияларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Мавжуд инфратузилмани такомиллаштириш зарурати таъкидланди. АЭХА эксперти Х.Мансуа давлатларда радиация ва ядро хавфсизлигини тартибга солиш инфратузилмасини яратишда Халқаро Агентликнинг қўлланилиши мумкин бўлган стандартлари билан таништирди. Жумладан, ўз-ўзини баҳолаш ҳисоботини тайёрлашда ҳамда IRRS асосий миссиясини ўтказишда АЭХАнинг хавфсизлик стандарти бўлган “Хавфсизликни таъминлашнинг давлат, ҳуқуқий ва тартибга солиш асослари” (Governmental, Legal and Regulatory Framework for Safety, GSR Part-1) ҳужжатида келтирилган талабларнинг қай даражада жорий қилинганлигига баҳо берилиши таъкидланди. Шунингдек, халқаро хавфсизлик стандартлари тузилиши ва мақсадлари, уларда келтириб ўтилган давлат мажбуриятлари ва ижро механизмлари ҳақида тушунчалар берилди. Ўзбекистоннинг миллий қонунчилиги АЭХА стандартлари билан уйғунлаштирилиши зарурлиги қайд этилди. Иштирокчилар ҳисобот эшитуви ва таҳлили 2025 йилнинг 30-сентябрига қадар давом этади.
Маълумот ўрнида. Комплекс тартибга солиш хизматлари тақдим этилаётган давлатларга ядровий ва радиацион хавфсизлик, радиоактив чиқиндилар хавфсизлиги ва транспорт хавфсизлиги соҳасидаги тартибга солувчи инфратузилмани кучайтириш ва самарадорлигини оширишга ёрдам беради. Ушбу хизматлар доирасида ҳар қандай давлатда хавфсизликни тартибга солишни таъминлаш ва инфратузилмасининг миллий ҳуқуқий ва давлат асосларининг умумий жиҳатларини кўриб чиқишда комплекс ёндашув қўлланилади. IRRS бўйича тартибга солиш жараёни тартибга солишнинг техник ва дастурий жиҳатларини мустақил равишда кўриб чиқишни таъминлайди ва ионлаштирувчи нурланишдан фойдаланиш ёки ядро дастурини амалга ошириш билан боғлиқ фаолиятининг ривожланиш даражасидан қатъи назар, ҳар қандай давлат учун мос келади. IRRS миссиялари давомида мамлакатда мавжуд бўлган хавфсизликни тартибга солувчи инфратузилма АЕХА хавфсизлик стандартларига мувофиқлиги баҳоланади. Баҳолаш гуруҳлари ўзларининг хулосаларини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ва таклифларни ўз ичига олган ҳисоботларда умумлаштирадилар ва бошқа жойларда хавфсизликни кучайтириш учун мослаштирилиши мумкин бўлган яхши амалиётларга мисоллар келтирадилар. Миссия ҳисоботлари ядровий хавфсизлик, радиацион хавфсизлик, радиоактив чиқиндилар хавфсизлиги ва транспорт хавфсизлиги соҳаларида тартибга солиш назорати қанчалик самарали эканлигини кўрсатади ва уни янада такомиллаштириш учун қандай чоралар кўриш мумкинлигини кўрсатади. IRRS миссиясини ташкил қилишни сўраган давлатлар биринчи навбатда АЭХА томонидан ишлаб чиқилган воситалар ва методологиядан фойдаланган ҳолда ўз-ўзини баҳолаш шаклида тренинг ўтказадилар. Тайёргарлик жараёнида АЭХА ва мезбон мамлакат йиғилиш ташкил қилади, унда миссиянинг вазифалари доираси келишиб олинади, шу жумладан қайси тартибга солинадиган қурилмалар ва тадбирлар экспертиза мавзуси бўлиши аниқланади. IRRS миссияларини қабул қиладиган давлатларга дастлабки миссиядан кейин тўрт йилдан кечиктирмай кейинги миссияни ўтказиш тавсия этилади, унинг мақсади таклиф ва тавсияларнинг бажарилишини баҳолашдир. IRRS миссиялари давомида мезбон томон ва мутахассислар профессионал тажриба алмашишлари мумкин. IRRS гуруҳи аъзолари, ўз соҳалари бўйича мутахассислар аъзо давлатларга юборилади ҳамда улар ўз мамлакатларида ўтказилган миссиялар тажрибасидан фойдаланишлари мумкин бўлади.





