КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШДА “ҲАЛОЛЛИК ВАКЦИНАСИ”
2025-09-16 12:00:00 / Янгиликлар

Семинарда Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги, Тошкент Давлат юридик университети мутахассис ва ўқтувчилари ўз маърузалари билан иштирок этишди. Тадбирда таъкидланганидек, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси (2022–2026 йй.)да ҳам коррупцияга қарши курашиш устувор вазифа сифатида белгиланган бўлиб, хусусан, давлат органлари фаолиятида манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, коррупциявий хавф юқори бўлган соҳаларни аниқлаш ва уларни тизимли равишда бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар назарда тутилган. Семинарда, шунингдек, халқаро тажриба ва ҳуқуқий асослар, шу жумладан БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги коррупцияга қарши конвенциялар, хорижий мамлакатлар амалиёти, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишнинг норматив-ҳуқуқий базаси ва ташкилотчилик-институционал тизими ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Иштирокчиларга саноат хавфсизлиги соҳасида юзага келиши мумкин бўлган коррупцион хавфлар, манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари ва уларнинг олдини олиш механизмлари хусусида ҳам атрофлича фикр алмашилди. Шунгдек, ўқув семинар давомида қуйидаги асосий ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти тушунтирилди: Ўзбекистон Республикаси “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги ва “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонунлар ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 595-сон қарори. Шунингдек, семинарда коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича тавсиялар берилди. Семинар якунида эса давлат хизматчилари фаолиятида бундай салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган масалалар муҳокама қилинди. Ўқув семинар давомида иштирокчилар мавзу бўйича ўзларини қизиқтирган ҳамда иш фаолиятида юзага келаётган ҳолатлар юзасидан назарий ва амалий саволларга жавоблар олди ва ўз билимларини янада чуқурлаштириб, амалий кўникмаларга эга бўлди.






