ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК
2025-03-05 14:55:00 / Янгиликлар

Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раиси ўринбосари Сардор Якубеков жорий йилнинг 4-5 март кунлари, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларидан иборат делегациянинг Вена шаҳрига ташрифи чоғида Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) билан ўзаро ҳамкорлик бўйича "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш ва уни ҳар томонлама муҳокама қилиш мақсадида учрашув ўтказмоқда. Ушбу учрашувдан мақсад ХАЭА билан ҳамкорлик имкониятларини таҳлил қилиш борасида ишчи гуруҳ тузиш, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида миллий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун техник ва экспертлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, ядро хавфсизлиги бўйича халқаро конвенцияларга интеграция қилиш, Ўзбекистон Республикасида халқаро хавфсизлик стандартларини қўллаш, шунингдек, атом энергияси соҳасида малака ошириш ва кадрлар тайёрлаш учун масъул ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишга қаратилган. Музокараларда асосий эътибор "Atoms4Food"- ядро технологиялари ёрдамида қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликни такомиллаштириш, табиий ресурсларни бошқаришни яхшилаш, озиқ-овқат йўқотишларини камайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, озиқланишни яхшилаш ва иқлим ўзгаришларининг таъсирига мослашишга қаратилган инновацион ечимларни қидиришга мўлжалланган дастур муҳокамасига қаратилади. Шу билан биргаликда, ХАЭАнинг "Умид нури" лойиҳаси доирасида онкологик касалликларни олдини олиш ва даволашни яхшилаш учун минтақавий қўллаб-қувватлаш марказини яратиш, Ядро физикаси институтида илмий тадқиқот фаолиятини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари ва аввалги уран объектлари бўйича мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг ҳар йили ўтказиладиган йиғилишини ташкиллаштириш масалалари муҳокама қилинади. Учрашув давомида шунингдек, ХАЭАнинг халқаро мактаби фаолиятини ташкил этиш ва Ўзбекистон энергетика ҳафталиги доирасида панелли сессия ўтказиш масалаларини муҳокама қилиш ҳам режалаштирилган. Очиқ мулоқот ва муҳим ҳамкорлик, ядро энергетикаси ва унга яқин соҳалардаги мақсадларга эришиш учун самарали механизмлар ишлаб чиқиш асосида ҳамкорликни мустаҳкамлашда асос бўлиб хизмат қилади.




