САНОАТ, РАДИАЦИЯ ВА ЯДРО ХАВФСИЗЛИГИ ҚЎМИТАСИ ФАОЛИЯТИДА 2024 ЙИЛДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАР ВА ИСТИҚБОЛДАГИ РЕЖАЛАР
2025-01-24 14:00:00 / Янгиликлар
АОКАда ўтказилган брифингда Саноат, радиатсия ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Бекзод Бердиев 2024 йилда ташкилот томонидан амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифалар ҳақида маълумот берди.
Брифингда таъкидлашнишича, соҳани такомиллаштириш ва ислоҳотларни изчил олиб бориш мақсадида бир қатор муҳим ишларни амалга оширишди. Хусусан, ўтган қисқа давр мобайнида соҳани тартибга солувчи 10 га яқин меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Қабул қилинган хужжатлар асосида хавфли ишлаб чиқариш объектларида профилактик тадбирлар, оммавий муҳокамалар, семинарлар ва ахборот ёритиш тадбирлари ташкил этилди. Бундан ташқари, қўмита 9 мингдан ортиқ профилактик тадбирни амалга ошириб, ишлаб чиқаришдаги хавфлар ва қоидабузарликларни аниқлаш учун муҳим маълумотлар йиғди.
2024 йил якунида 950 та текширув ўтказилди ва натижада 2 минг 964 та қоидабузарлик аниқланди. Шунингдек, саноат, радиатсия ва ядро хавфсизлигига оид меъёрий ҳужжатлар талаблари бузилган 624 нафар ишчига нисбатан маъмурий жарималар қўлланилди. Авария ёки бахтсиз ҳодисалар келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳолатлар бўйича ҳам профилактик ишларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. 44 та бахтсиз ҳодиса қайд этилди, улардан 19 таси ўлим билан тугалланди. Ўтказилган тадбирлар доирасида 30 минг нафардан ортиқ ходимнинг билимларини текшириш ва қайта тайёрлаш амалиётлари олиб борилди. Шу билан бирга, портловчи ва заҳарли моддалар, ионлаштирувчи нурланиш манбалари билан муомалада бўлиш соҳасида 3 минг 634 та рухсат этиш ҳужжати расмийлаштирилди. Айни пайтда қўмита атом энергиясидан фойдаланиш, кимёвий ва биологик хавфсизликни таъминлаш соҳасида халқаро ҳужжатларни бажаришга ҳам эътибор қаратмоқда. Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда 2025 йилнинг биринчи ярмида кимёвий-биологик контртеррористик машғулотларни ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, 2024 йилнинг 4 июл куни Атом энергияси халқаро агентлиги (МАГАТЕ) билан онлайн йиғилиш бўлиб ўтди. Унда радиологик, экологик ва саноат хавфсизлигини оширишга қаратилган дастурлар муҳокама қилинди. Бундан ташқари, республикада 4427 та кўп квартирали уйда 11 минг 428 та лифт ва 148 та маданият ва истироҳат боғидаги аттраксионларнинг хавфсизлиги текширилди. Тадбирда қайд этилганидек, қўмита томонидан амалга оширилган ишларнинг самараси саноат, радиатсия ва ядро хавфсизлиги соҳасидаги барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган муҳим қадамлардир.
