Самарқандда UNESCO'нинг янги Бош директори сайланди
2025-11-06 18:00:00 / Янгиликлар

Холид Аҳмад Ал-Ананий Али Азз 1971 йилда туғилган бўлиб, у Мисрдаги Ҳелуан университети профессори ва мисршуносидир. У ўз касбий фаолиятини 30 йилдан ортиқ давом эттирган ва университетнинг Туризм ва меҳмондўстлик факультети декан ўринбосари, Очиқ таълим маркази директори ҳамда Гидлар бўлими рахбари сифатида ишлаган. У Франциядаги Пол-Валери Монпелье III университетида мисршунослик бўйича докторлик даражасини олган ва у ерда бир неча марта профессор сифатида дарс берган.
Ал-Ананий 2014–2016 йилларда Миср цивилизация миллий музейи директори, 2015–2016 йилларда Қоҳира Миср музейи директори бўлган. 2016 йилдан 2022 йилгача у Мисрнинг Қадимий ёдгорликлар вазири, кейинчалик Туризм ва қадимий ёдгорликлар вазири лавозимларини эгаллаган.
У бир неча халқаро илмий жамиятлар аъзоси ҳисобланади. 2024 йил ноябрида БМТнинг Туризм бўйича жаҳон ташкилоти томонидан маданий туризм бўйича махсус элчи этиб тайинланган. Шунингдек, у Африка жаҳон мероси жамғармаси ҳомийсидир. Ал-Ананий араб, француз ва инглиз тилларида сўзлаша олади.
Холид Ал-Ананий UNESCO'нинг 12-Бош директори бўлиб, ушбу лавозимни эгаллаган биринчи араб ва иккинчи африкалик шахс ҳисобланади. Африка қитъасидан бўлган илгарги ягона Бош директор – Амаду Махтар Мбоу (Сенегал, 1974–1987) бўлган. Ал-Ананий ўз вазифасини тўрт йиллик муддатга 15 ноябрдан бошлайди.
UNESCO – БМТнинг таълим, фан, маданият, коммуникация ва ахборот соҳаларида кўп томонлама ҳамкорлик орқали тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган ихтисослашган муассасадир. Парижда жойлашган ташкилотнинг 54 та мамлакатда идоралари мавжуд бўлиб, унда 2300 дан ортиқ ходим ишлайди.
UNESCO 2000 дан зиёд Жаҳон мероси объектлари, Биосфера резерватлари ва Глобал геопарклар, шунингдек, ижодий, таълимий, инклюзив ва барқарор шаҳарлар тармоқларини бошқаради. Ташкилотнинг бутун дунё бўйлаб 13 000 дан зиёд боғланган мактаблар, университет кафедралари ва илмий марказлари бор. Унга 194 та давлат аъзо.
