
Стандартлаштириш

Қонун ва меъёрий-ҳуқуқий асослар
Ўзбекистон Республикасининг "Стандартлаштириш тўғрисида"ги Қонуни (янги таҳрири)
Ўзбекистон Республикасининг "Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида"ги Қонуни (янги таҳрири).
"Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 28 мартдаги ПҚ-91-сонли қарори
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлари фаолиятини самарали йўлга қўйиш чоралари тўғрисида"ги 2024-йил 1-июлдаг 370-сонли қарори
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Стандартлаштириш фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 2024-йил 30-марти 177-сонли қарори
Ўзбекистон Республикасининг миллий стандартлаштириш тизими
Ўзбекистон Республикасининг “Стандартлаштириш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг миллий стандартлаштириш тизимини қуйидагилар ташкил этади:
- Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги (бундан буён матнда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги деб юритилади);
- Стандартлаштириш бўйича миллий орган - "Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Ўзбекистон стандартлар институти" (Стандартлар институти);
- давлат ва хўжалик бошқаруви органлари;
- стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар.
Стандартлаштиришнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
- фуқароларнинг ҳаётини, соғлиғини ва мол-мулкини муҳофаза қилиш;
- атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
- маҳсулотнинг сифати масалаларида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини ҳимоя қилиш;
- маҳсулотнинг ўзаро алмашувчанлигини ва мослашувчанлигини таъминлаш;
- аҳолининг ва иқтисодиёт тармоқларининг эҳтиёжларини қаноатлантириш учун маҳсулотнинг сифатини ҳамда рақобатбардошлилигини илм-фан ва технологияларнинг ривожланиш даражасига қараб ошириш;
- барча турдаги ресурсларни тежашга кўмаклашиш, ишлаб чиқаришнинг техник-иқтисодий кўрсаткичларини яхшилаш;
- ижтимоий-иқтисодий ва илмий-техник дастурларни ҳамда лойиҳаларни рўёбга чиқариш чоғида амалий жиҳатдан кўмаклашиш;
- Ўзбекистон Республикасининг иқтисодиётини ривожлантиришга ва илмий-техник тараққиётига кўмаклашиш;
- ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг номенклатураси ва сифати тўғрисидаги ахборотнинг очиқлигини ҳамда ишончлилигини таъминлаш;
- мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг хорижий бозорларга олиб чиқилишига кўмаклашиш;
- ўлчаш бирлигини таъминлаш.
Ўзбекистон Республикасида стандартларнинг қуйидаги тоифалари амал қилади:
- Стандартларнинг тоифалари жумласига қуйидагилар киради:
- миллий стандартлар;
- халқаро (минтақавий) стандартлар;
- хорижий мамлакатларнинг стандартлари.
Стандартларнинг ягона ахборот базаси Стандартлаштириш бўйича миллий орган томонидан шакллантирилади ва юритилади.
Миллий стандартларни эълон қилиш ва шартнома асосида тарқатиш Стандартлаштириш бўйича миллий орган томонидан амалга оширилади.
Миллий стандартлар давлат тилида эълон қилиниши керак.
Стандартлаштириш бўйича халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг, шунингдек хорижий мамлакатларнинг стандартлари ва бошқа нашрлари кейинчалик давлат тилига расмий таржима қилинган ҳолда, ушбу ташкилотларнинг расмий тилларидан бирида қабул қилиниши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси аъзо бўлган стандартлаштириш бўйича халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг стандартларини нашр этиш ҳамда тарқатиш стандартлаштириш бўйича халқаро ёки минтақавий ташкилот белгилаган тартибда ва шартлар асосида Стандартлаштириш бўйича миллий орган томонидан амалга оширилади.
Стандартлар ихтиёрий равишда қўлланилади, бундан Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларидаги стандарт талабларига мажбурий равишда риоя этилишига оид ҳаволалар кўрсатилган ҳоллар мустасно (стандартнинг мажбурий талаби).
Стандартлар маҳсулотни ишлаб чиқиш, лойиҳалаштириш, ишлаб чиқариш, сақлаш, синаш, текшириш ва ўлчаш, маҳсулотнинг намуналарини олиш босқичларида, атамаларга, рамзларга, ўровларга, тамғалашга ёки этикеткаларга ҳамда уларни туширишга, маҳсулотнинг ишлашига (уни қўллашга, ундан фойдаланишга), уни ташишга, реализация ва утилизация қилишга (қайта ишлашга) нисбатан, бошқа стандартлаштириш объектларига нисбатан ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш чоғида қўлланилиши мумкин.
Халқаро (минтақавий) стандартлар ва хорижий мамлакатларнинг стандартлари қуйидаги ҳолларда қўлланилади:
- Ўзбекистон Республикасининг стандартлаштириш бўйича халқаро ва минтақавий ташкилотларга аъзолигида;
- стандартлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари мавжуд бўлганда;
- Стандартлаштириш бўйича миллий орган ва халқаро, минтақавий, чет эл ташкилоти ўртасида стандартлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим мавжуд бўлганда;
- халқаро (минтақавий) стандартларни ва хорижий мамлакатларнинг стандартларини қўллаш чоғида стандартлаштириш органлари билан тузилган шартномаларга риоя этилганда.
Стандартлардан Ўзбекистон Республикасининг техник регламентларини ишлаб чиқиш учун асос сифатида фойдаланилиши мумкин. Техник регламентларнинг талабларини бажариш ва маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқлигини танловга оид қисм бўйича ихтиёрий равишда баҳолаш учун ўзаро алоқадор бўлган стандартлар қўлланилади.
Ишлаб чиқарувчи ва (ёки) ижрочи учун у маҳсулотнинг мазкур стандартга мувофиқлигини эълон қилганда стандарт талаблари бажарилиши шарт, шу жумладан маҳсулот белгиси тамғалашда, фойдаланишга оид ҳужжатларда ёки бошқа ҳужжатларда, шартномаларда, рекламада, ахборот ресурсларида ва ахборот тақдим этишнинг бошқа шаклларида қўлланилган тақдирда ушбу талаблар бажарилиши шарт.
Экспортга юборилаётган маҳсулотга оид талаблар маҳсулотни етказиб беришга доир шартнома қоидаларига мувофиқ белгиланади.
Давлат сирини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган стандартлар қонунчиликда белгиланган тартибда ишлаб чиқилади ҳамда қабул қилинади.
Стандартлар талабларига, шунингдек стандартлаштириш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати давлат бошқаруви органларининг вакиллари бўлган давлат инспекторлари томонидан амалга оширилади.
Стандартлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий ва молиявий жавобгарликнинг турли шакллари қўлланилиши мумкин.
Стандартлаштиришга доир ишлар стандартлаштириш режасига асосан амалга оширилади.
Стандартлаштириш режаси стандартлаштириш соҳасининг мақсадлари ва уни ривожлантириш йўналишлари ҳисобга олинган ҳолда, қисқа (бир йилгача), ўрта (бир йилдан беш йилгача) ва узоқ (беш йилдан ўн йилгача) муддатли истиқбол учун қабул қилиниши мумкин.
Стандартлаштириш соҳасидаги ишларни молиялаштириш қуйидагилар ҳисобидан амалга оширилади:
- Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари;
- манфаатдор ташкилотларнинг маблағлари;
- ихтиёрий бадаллар;
- қонунчиликка зид бўлмаган бошқа манбалар.
Стандартлаштиришга доир қуйидаги ишлар давлат томонидан молиялаштирилиши лозим:
- халқаро (минтақавий) стандартларни ишлаб чиқиш ёки уларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижроси бўйича стандартларни ишлаб чиқиш;
- стандартлаштириш режасида назарда тутилган миллий стандартларни ишлаб чиқиш;
- стандартлаштириш бўйича умумдавлат аҳамиятига молик илмий-тадқиқот ишларини ва бошқа ишларни амалга ошириш;
- Стандартларнинг ягона ахборот базасини шакллантириш ва юритиш;
- стандартлаштириш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган бошқа фаолият.

