Атама ва таърифлар
Стандартлаштириш соҳасида атама ва таърифлар
миллий стандарт — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Ўзбекистон стандартлар институти томонидан қабул қилинган ҳамда кенг жамоатчилик учун очиқ бўлган стандарт;
стандарт — фаолиятнинг ҳар хил турларига ёки уларнинг натижаларига тааллуқли бўлган, умумий ва кўп марта фойдаланиш учун қоидаларни, умумий принципларни ёки тавсифларни белгилайдиган ҳамда муайян соҳада тартибга солишнинг энг мақбул даражасига эришишга қаратилган ҳужжат;
стандартлаштириш — муайян соҳада тартибга солишнинг энг мақбул даражасига эришишга қаратилган, ҳақиқатда мавжуд бўлган ёки кутилаётган вазифаларга нисбатан умумий ва кўп марта фойдаланиш учун қоидаларни белгилайдиган фаолият;
Стандартлаштириш бўйича миллий орган — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Ўзбекистон стандартлар институти;
стандартлаштириш бўйича техник қўмита — фаолиятнинг йўналишлари бўйича стандартлаштириш тизимини ривожлантиришни амалга оширишда иштирок этувчи маслаҳат-кенгаш органи;
стандартлаштириш объекти — маҳсулот, товарлар, хизматлар (бундан буён матнда маҳсулот деб юритилади), жараёнлар, менежмент тизимлари, атамалар, шартли белгилар, тадқиқотлар (синаш), ўлчаш (шу жумладан намуналарни танлаш) ҳамда синаш усуллари, тамғалаш, мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомиллари ва бошқа объектлар;
халқаро (минтақавий) стандарт — стандартлаштириш бўйича халқаро ёки минтақавий ташкилот томонидан қабул қилинган ва кенг жамоатчилик доираси учун очиқ бўлган стандарт;
хорижий мамлакатнинг стандарти — хорижий мамлакатнинг стандартлаштириш бўйича ваколатли органи (ташкилоти) томонидан қабул қилинган стандарт;
ўзаро келишув — кўпчилик манфаатдор тарафларнинг мавжуд масалалар бўйича эътирозлари мавжуд эмаслиги билан тавсифланадиган ҳамда барча тарафларнинг фикрларини инобатга олишга ва мос келмаётган нуқтаи назарларни яқинлаштиришга қаратиладиган жараён натижасида эришиладиган умумий келишув.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида атама ва таърифлар
давлат назорати органи — техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширишга ваколатли бўлган давлат бошқаруви органи;
ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили — ишлаб чиқарувчи (чет эл ишлаб чиқарувчиси) билан тузилган шартнома асосида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида маҳсулотнинг мувофиқлигини баҳолашда ва уни муомалага чиқаришда ушбу ишлаб чиқарувчи номидан ҳаракатларни амалга оширадиган тадбиркорлик субъекти;
маҳсулот — фаолиятнинг моддий-ашёвий шаклда тақдим этилган ва хўжалик мақсадида ҳамда бошқа мақсадларда фойдаланиш учун мўлжалланган натижаси;
маҳсулотни муомалага чиқариш — тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш доирасида маҳсулотни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиш мақсадида етказиб бериш (реализация қилиш) ёки олиб кириш (ишлаб чиқарувчининг омборидан жўнатиш ёки омборга жойламасдан юклаб жўнатиш);
мувофиқлик тўғрисидаги декларация — ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи ёки импорт қилувчи муомалага чиқариладиган маҳсулотнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлайдиган ҳужжат;
мувофиқликни декларациялаш — маҳсулотнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини мажбурий равишда тасдиқлаш шакли;
савдодаги техник тўсиқ — маҳсулот келиб чиққан мамлакатга (жойга) қараб маҳсулотга ва мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларига доир мажбурий талабларнинг турлича қўлланилиши оқибатида мамлакатлар ўртасидаги савдода юзага келадиган тўсиқ;
синаш лабораторияси — синашни амалга оширувчи юридик шахс ёки унинг таркибий бўлинмаси;
сотувчи — маҳсулотни реализация қиладиган, Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган тадбиркорлик субъекти;
техник жиҳатдан тартибга солиш — маҳсулотнинг хавфсизлигига, уни ишлаб чиқариш жараёнларига ва усулларига доир талабларни белгилаш, қўллаш ҳамда бажариш, шунингдек уларга риоя этилишини мувофиқликни баҳолаш ва давлат назоратини амалга ошириш орқали текшириш;
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар — техник регламентлар ва стандартлар;
техник регламент — маҳсулот хавфсизлигининг қўлланилиши мажбурий бўлган тавсифлари ёки улар билан боғлиқ бўлган ишлаб чиқариш жараёнлари ва усуллари, қоидалар белгиланган ҳужжат;
хизмат — жисмоний ва юридик шахсларнинг эҳтиёжларини қаноатлантиришга қаратилган, натижалари ашёвий шаклга эга бўлмаган фаолият.
