Лифт ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтмоқда
2026-08-21 10:00:00 / Янгиликлар

✅ Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузурида ташкил этилган Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш клуби доирасида лифт ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтмоқда.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 16-февралдаги ПФ–25-сон Фармони билан тадбиркорлик субъектлари учун яратилган янги имконият ва қулайликлар, шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бугунги ҳолати юзасидан тақдимот ўтказилмоқда.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 23-июльдаги 316-сон қарорининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини иқтисодий операторлар ҳамда мувофиқликни баҳолаш органлари ўртасида тушунтириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси юзасидан маълумот берилмоқда.
✅ Мулоқот давомида лифт маҳсулотларини ишлаб чиқаришдан бошлаб истеъмолчига етказиб беришгача бўлган жараёндаги долзарб масалалар муҳокама қилинмоқда. Хусусан, маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш, ишлаб чиқаришни халқаро стандартлар талабларига мослаштириш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда ички бозорда сифатсиз маҳсулотлар реализациясининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, ходимлар малакасини ошириш, янги турдаги лифт маҳсулотларини сертификатлаштириш ва халқаро стандартларни қабул қилиш масалалари юзасидан фикр алмашилмоқда.
✅ Очиқ мулоқот давомида тадбиркорлик субъектлари томонидан билдирилаётган таклиф ва ташаббуслар тингланиб, уларни амалиётга татбиқ этиш ҳамда соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан масъул ташкилотлар вакиллари билан фикр алмашилмоқда




