Ўзбекистон делегацияси МДҲ Давлатлараро кенгашининг 69-йиғилишида иштирок этди
2026-07-10 10:00:00 / Янгиликлар

🔴 Қирғиз Республикасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича Давлатлараро кенгашининг (МГС) 69-йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур нуфузли тадбирда Ўзбекистон Республикаси делегацияси фаол иштирок этди.
🚫 Йиғилишда Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш ҳамда аккредитация соҳасидаги ваколатли органлари раҳбарлари ва мутахассислари, шунингдек, ISO, IEC
ва UNIDO каби халқаро ташкилотлар, Евроосиё иқтисодий комиссияси, МДҲ Ижроия қўмитаси, МГС Стандартлар бюроси ҳамда бошқа нуфузли ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Йиғилиш давомида МДҲ мамлакатларида стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш тизимларини янада такомиллаштириш, сифат инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди.
Шунингдек, йиғилиш иштирокчилари давлатлараро стандартларни учинчи мамлакатларда қўллаш бўйича тавсиялар ҳамда стандартлаштириш соҳасидаги экспертларга қўйиладиган умумий талабларни тасдиқладилар.
Муҳокамалар якунида метрология йўналишидаги иқтидорли ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш мақсадида МГС ҳамда CООМEТ ҳамкорлигида ягона халқаро танлов платформасини яратиш бўйича келишувга эришилди. Тадбир доирасида, шунингдек, маҳсулот ва хизматлар сифати соҳасидаги ютуқлар учун 2025-йилги МДҲ мукофоти лауреатлари ва дипломантларини тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди.
🔴 Ўзбекистоннинг мазкур йиғилишдаги фаол иштироки мамлакатимизда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва сифат инфратузилмасини халқаро талаблар асосида ривожлантириш, шунингдек, МДҲ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган изчил ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлди.
Мазкур йўналишдаги халқаро ҳамкорлик мамлакатимизнинг сифат инфратузилмасини такомиллаштириш, маҳсулот ва хизматлар рақобатбардошлигини ошириш ҳамда халқаро бозорларга интеграциялашув жараёнларини жадаллаштиришга хизмат қилмоқда.



