Ўзбекистон Халқаро электротехника комиссияси (ИEC)га тўлақонли аъзо бўлди
2026-06-24 10:00:00 / Янгиликлар

✅ Ўзбекистон халқаро стандартлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида яна бир муҳим натижага эришди. Халқаро электротехника комиссияси (ИEC)нинг тегишли қарорига мувофиқ, 2027-йил 1-январдан бошлаб Ўзбекистон ушбу нуфузли халқаро ташкилотнинг тўлақонли аъзосига айланди. Аъзолик масаласи бўйича ўтказилган овоз беришда ИECнинг 46 та тўлақонли аъзо давлати, жумладан АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Хитой, Жанубий Корея, Канада, Австралия, Ҳиндистон, Туркия, Саудия Арабистони ва бошқа давлатлар
Ўзбекистоннинг номзодини бир овоздан қўллаб-қувватлади. Шунингдек, ИEC Бош котиби Пҳилиппе Метзгернинг жорий йил август ойида Ўзбекистонга расмий ташрифи тасдиқланди. Мазкур ташриф мамлакатимиз ва ИEC ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.
✅ Тўлақонли аъзолик Ўзбекистонга халқаро электротехника стандартларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш жараёнларида бевосита иштирок этиш, ИEC Бош ассамблеясида мамлакат номидан овоз бериш ҳамда халқаро стандартлаштириш сиёсатини шакллантиришда тенг ҳуқуқли ҳамкор сифатида қатнашиш имконини беради. Эндиликда ўзбекистонлик мутахассислар ИECнинг барча техник қўмиталари ва кичик қўмиталари фаолиятида тўлиқ иштирок этиб, янги стандартларни ишлаб чиқишда миллий саноат манфаатларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш имкониятига эга бўладилар.
Шу билан бирга, мамлакат вакиллари ташкилотнинг турли бошқарув органлари ва қўмиталаридаги раҳбарлик лавозимларига номзод кўрсатиш ҳамда сайланиш ҳуқуқига эга бўладилар. Аъзоликнинг муҳим афзалликларидан бири халқаро миқёсда тан олинган мувофиқликни баҳолаш тизимлари — ИECEE, ИECEх, ИECҚ ва ИECРE схемаларига тўлиқ интеграциялашиш ҳисобланади. Бу эса маҳаллий синов лабораториялари томонидан берилган синов баённомалари ва сертификатларнинг бошқа аъзо давлатларда кенг тан олинишига хизмат қилади.
✅ Мазкур тарихий қарор миллий стандартларни халқаро талабларга уйғунлаштириш, электротехника маҳсулотларининг жаҳон бозорларига чиқишини енгиллаштириш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда техник савдо тўсиқларини бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, ИECга тўлақонли аъзолик энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга хизмат қилади.
✅ Энг муҳими, халқаро стандартлар асосида фаолият юритадиган замонавий саноат инфратузилмасининг шаклланиши хорижий инвесторлар ишончини мустаҳкамлаб, мамлакат иқтисодиётига инвестициялар оқимини янада жадаллаштириш учун мустаҳкам замин яратади.


