Ўзбекистон Президентининг БМТ 80-сессиясидаги нутқи: Халқаро ҳамкорлик ва глобал масалаларда миллий позиция
2025-09-25 16:20:00 / Янгиликлар

Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуслар нафақат мамлакатимиз манфаатларини, балки бутун инсоният тақдирига дахлдор масалаларни қамраб олгани билан алоҳида аҳамиятга эгадир. Бу чиқиш Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганини, давлатимиз ўз сўзи ва таклифлари билан жаҳон ҳамжамияти учун ишончли ҳамкор сифатида намоён бўлаётганини тасдиқлайди.
Президент Шавкат Мирзиёев БМТнинг Хавфсизлик Кенгашини замон талабларига мос равишда кенгайтириш ва унинг фаолиятида ривожланаётган давлатлар манфаатларини тўлиқ акс эттириш зарурлигини таъкидлади. Бу таклиф кўп қутбли дунёда адолат ва тенг ҳуқуқлилик принципларини мустаҳкамлашга қаратилган долзарб ташаббус сифатида эътироф этилмоқда. Ўзбекистоннинг бу борадаги позицияси жаҳонда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш учун муҳим ҳисса қўшади.
Маърузада Янги Ўзбекистон ислоҳотлари натижасида иқтисодиётни диверсификация қилиш, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш борасида эришилган ютуқлар алоҳида қайд этилди. Шу билан бирга, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида халқаро ҳамкорликни кучайтириш, жумладан, Тошкентда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш ва БМТ қароргоҳида болалар онкологиясига бағишланган саммит ташкил этиш таклифлари бутун инсоният келажагига қаратилган амалий қадамлардир.
Таъкидлаш жоизки, Марказий Осиёдаги барқарорлик Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим устувор йўналишидир. Президентимиз Афғонистондаги вазият юзасидан мулоқот ва инклюзив сиёсат тарафдори эканини билдирди. Шунингдек, сув ресурсларини бошқариш, демографик барқарорлик ва қўшма иқтисодий дастурларни амалга ошириш орқали минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш таклифлари минтақада тинчлик ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлайди.
Шу билан бирга, Орол фожиаси ва сув инқирози масалалари Президент нутқида асосий ўринни эгаллади. Ўзбекистоннинг “Сувни тежаш бўйича Бутунжаҳон форуми”ни ўтказиш, сув хавфсизлигига оид “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, иқлим миграцияси бўйича умумжаҳон келишувини қабул қилиш ташаббуслари инсониятнинг умумий келажагига қаратилган долзарб таклифлар сифатида жаҳон ҳамжамияти эътиборини қозонди.
Шунингдек, рақамли инқилоб тез суръатларда кечаётган бир шароитда, Ўзбекистон раҳбарининг сунъий интеллект соҳасидаги билим ва ечимларни беғараз алмашиш механизмларини яратиш ташаббуси технологиялардан инсонпарвар мақсадларда фойдаланишга хизмат қилади. Бу – рақамли тараққиётнинг миллий чегаралардан ташқарида ҳам умуминсоний манфаатларга хизмат қилиши лозимлигини англатади.
Бундан ташқари, Президентимиз ўз маърузасида “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати” ташаббусини ва унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш таклифини илгари сурди. Қолаверса, Осиё хотин-қизлар форумини доимий халқаро платформага айлантириш ғояси тинчликпарвар, маърифатли ва барқарор тараққиётга интилувчи авлодни шакллантиришга хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида илгари сурилган ташаббуслар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш, глобал мулоқотни кучайтириш ва умуминсоний масалалар ечимини топиш йўлидаги фаол саъй-ҳаракатларини яққол намоён этди. Мамлакатимиз тинчлик, тараққиёт ва ҳамкорлик ташаббускори сифатида дунё сиёсатида ўз ўрнини тобора мустаҳкамлаб бормоқда.
Даврон КЕСИМОВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.
