Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан вилоят ҳокими Азимов Муротжон Бердиалиевичнинг соҳа ходимларига байрам табриги
2025-09-16 09:15:00 / Янгиликлар

Ассалому алайкум, азиз ўқитувчи ва мураббийлар, қадрли устозлар!
Авваламбор, Сиз азизларни, таълим соҳасида меҳнат қилаётган барча устозларни, яқинлашиб келаётган умумхалқ байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий табриклайман!
Инсон қайси касбни эгалламасин, ҳаётда қандай улуғ мартабага, улкан ютуқларга эришмасин, ўзига таълим-тарбия берган муаллимларини ҳеч қачон унутмайди, уларнинг олдида ўзини ҳамиша қарздор деб ҳис қилади.
Биламиз, азалдан “Устоз отангдай улуғ” деган ҳикматни қалбига сингдирган халқимизнинг бу соҳа вакилларига меҳр ва эҳтироми бошқача.
Янги Ўзбекистонни бунёд этиш, Учинчи Ренессансни яратиш орзуси билан яшаётган эканмиз, бу эзгу мақсадларимиз калити фақат таълим-тарбияда эканлигини барчамиз яхши англаймиз.
Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек: иқтисодиёт ривожланиши, юртимиз ва фарзандларимиз келажаги фақат ва фақат таълим ва муаллимга боғлиқ.
Кейинги йилларда мамлакатимизда ўқитувчи қадрини улуғлаш, нуфузини кўтаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳозир мактаблардаги 1 минг 300 нафар ўқитувчи 8-10 млн сўм, 1 025 нафари 10 млндан ортиқ ойлик оляпти (охирги 2 йилда юқори маош олаётган ўқитувчилар сони қарийб 6 бараварга ошди).
Мактаб директори, унинг ўринбосарлари ойлиги бу йилни ўзида 30 %га ошди.
Тоифа синовларидан 86 ва ундан юқори балл олган 460 нафар ўқитувчи 70% устама оляпти.
Олис ҳудуддаги 123 та мактабга 982 нафар малакали ўқитувчилар ишлаб, иш стажига қараб 10 %дан 50 %гача устама оляпти.
Бу ўқув йилидан янги баҳолаш тизими жорий қилинган мактаблар 188 тага етказилди.
Янги баҳолаш жорий қилинган 22 та мактаб жамоаси 30 фоизгача устама оляпти.
Муҳтарам Президентимизнинг қўллаб-қувватлашлари, яратган имкониятлари натижасида вилоятимизда охирги икки йилда боғча, мактаб ўрни 3 бараварга ошди.
Боғчалар сони қарийб 4,5 мингтага, қамров 70 %га етди (2017 йилда 326 та боғча, қамров 13%).
Шу йилнинг ўзида 22 минг ўринли 502 та боғча очилди (496 таси хусусий ва оилавий).
Янги ўқув йили олди 21 та хусусий мактаб очилди (лойиҳа қиймати 150 млрд сўм, 5 минг ўқувчи ўрни, 600 та янги ўрни).
Натижада, хусусий мактаб сони 53 тага етиб, 10 мингдан ортиқ ўқувчи қамраб олинди (2024 йил бошида 16 та).
Мактаблар моддий-техника базасини яхшилаш, уларни замонавий кўринишга келтириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, сўнгги 8 йилда 600 дан ортиқ мактабдаги янги қурилиш, реконструкция ҳисобидан 150 мингдан ошиқ ўқувчи ўрни яратилди.
Охирги 2 йилда 2 коэффициентли мактаблар сони 125 тадан 61 тага камайди.
655 та мактабнинг мебель, парта, доскалари янгиланди, 906 та мактабга компьютер синфлари олиб берилди.
Бу ўқув йилида “Зўр!” (“Класс!”) лойиҳаси доирасида Россиядан 21 нафар, инглиз тили фани бўйича хориждан 36 нафар ўқитувчи олиб келиняпти (ҳозирча 21 таси вилоятга келди).
Жорий йилда 95 нафар (ҳар бир тумандаги давлат мактабидан 5 нафар, хусусийдан 15 нафар) ўқитувчи хорижга малака оширишга юборилмоқда.
Таълим сифатига берилаётган эътибор натижасида, мактаб битирувчиларининг 48 фоизи олийгоҳларга ўқишга кирди, олий таълимга кириш кўрсаткичи ўтган йилга нисбатан 8 фоизга ошди.
Воҳамиздаги 53 та техникумларда фаолият кўрсатаётган 2 минг 600 нафар педагог ўз ишини замонавий талаблар асосида ташкил этиб, 50 мингдан ортиқ ёшларга замонавий касб-ҳунар сирларини ўргатиб келмоқда.
2024/2025 ўқув йилидан Германиянинг Авестос компанияси билан ҳамкорликда Шаҳрисабз шаҳри ва Ғузордаги биттадан техникумда немис стандарти асосида касбга ўқитиш йўлга қўйган эдик.
Халқаро дастур самара бергани сабабли, лойиҳа қўшимча 4 техникумда кенгайтирилди
Ўтган йили 8 нафар, бу йил эса 27 нафар техникум ўқитувчилари Германияда малака оширди.
Яқин-яқингача воҳамизда битта университет, битта институт, битта университет филиали фаолият юритган бўлса, бугунги кунда воҳамиздаги олий ўқув юртларининг сони 9 тага етди, ўқиётган талабалар сони 100 мингдан ошди.
Қадрли ўқитувчи ва мураббийлар!
Вилоятда таълим-тарбия борасидаги йўлимиз, мақсадимиз аниқ.
Таълимнинг барча бўғинида ёшларга замонавий билим бериш, қулай муҳит яратиш, ўқитувчиларни ҳар томонлама рағбатлантириш - энг устувор вазифаларимиздан бири бўлиб қолади.
Муҳтарам Президентимиз таъбирлари билан айтганда: одамларимиз яхши яшаши учун иқтисодиётимиз кучли бўлиши керак! Бунинг учун янги товар, янги хизмат, янги технология керак! Сифатли таълим тизими орқалигина буларга эриша оламиз.
Агар, барчамиз, боғча, мактаб, техникум, олийгоҳлар раҳбарлари, устоз-мураббийлар биргаликда ҳаракат қилсак, албатта, олдимизга қўйган катта марраларимизга етамиз.
Барчангизни касб байрамингиз билан яна бир бор табриклаб, сиҳат-саломатлик, оилангизга файзу барака эзгу ишларингизда муваффақиятлар тилайман!
Ҳамиша шогирдларингиз камолини кўриб яшанг!
Эл-юрт олдидаги улуғвор мартабангиз ҳамиша баланд бўлсин!
Байрамингиз муборак бўлсин!
