Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш: имтиёзлар, имкониятлар ва келажакка ишонч
2025-08-21 18:45:00 / Янгиликлар

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда тадбиркорлик ва хусусий секторни ривожлантириш йўлида катта қадамлар ташланмоқда. Мамлакатимиз раҳбари томонидан берилган кўрсатмалар, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва тақдим этилаётган кенг имтиёзлар тадбиркорлар учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Иқтисодиётимизни рақамлаштириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, ёшлар ва инновацияларга ҳамда кичик бизнесга катта эътибор қаратиш — бугунги куннинг асосий устувор йўналишларидандир.
Жорий йилда мамлакатимизда жами 1,1 триллион сўм маблағ ажратилиб, 16 та туманни жадал ривожлантиришга йўналтирилди. Ушбу лойиҳаларга Жаҳон банки томонидан 250 миллион доллар қўшимча маблағ ажратилиши, кейинчалик яна 500 миллион доллар жалб қилиниши режалаштирилмоқда. Натижада саноат, хизмат кўрсатиш ва қурилиш соҳаларидаги тадбиркорлик имкониятлари кенгайиб, юз минглаб янги иш ўринлари яратилади.
Таълим соҳасида ҳам хусусий секторнинг иштироки ортиб бормоқда. Сўнгги 8 йилда хусусий боғчалар сони 31 мингга, мактаблар эса 645 тага етди. Айниқса, боғча қамрови паст бўлган 80 та туманда тадбиркорлар учун ер ижараси 30 йилгача бекор қилинди. Давлат боғчалари харажатларининг ярми субсидия орқали қопланиши, 7 йил муддатга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилиши ва ижтимоий солиқларнинг 1%га туширилиши тадбиркорларга катта енгиллик яратмоқда.
Хусусий тиббиёт соҳаси ҳам жадал ривожланмоқда. Агар 7 йил аввал 3,5 мингта хусусий клиника бўлган бўлса, бугун уларнинг сони 8,5 мингдан ошди. Чегара ҳудудларда тиббиёт кластерлари яратиш учун 200 миллион долларлик имтиёзли кредит линиялари очилиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланмоқда.
Ёш тадбиркорлик ва стартапларни қўллаб-қувватлашда ҳам янги босқич кузатилмоқда. Ҳозирги кунда 600 дан ортиқ стартап фаолият юритмоқда, 7 ой ичида эса уларга 264 миллион доллар хорижий инвестиция кириб келди — бу ўтган йилга нисбатан тўрт баробар кўп. 2024 йил давомида 1000 та стартап ғояси тижоратлаштирилиши, улардан 200 таси халқаро бозорга чиқарилиши режалаштирилган. Шунингдек, 100 миллион доллар маблағ 100 та маҳаллий стартапни халқаро бозорда рақобатбардош бизнесга айлантиришга йўналтирилади.
“Ёш тадбиркорлар” чемпионати доирасида энг яхши 100 та ғоя ҳар бирига 1 миллиард сўмгача инвестиция жалб қилади. Давлат томонидан молиявий ва маркетинг хизматлари кўрсатилиши ёшларнинг илғор ғояларини амалиётга татбиқ этишга катта кўмак бўлади.
Рақамли иқтисодиётда ҳам салоҳият ортиб бормоқда. Охирги уч йилда маркетплейслар сони 24 тадан 163 тага етди. Тадбиркорлар маҳсулотларини миллий ва халқаро рақамли платформалар орқали сотиш имконига эга бўлмоқда. Шу мақсадда ҚҚСни қайтариш тартиби жорий этилди ва финтех-стартапларни қўллаб-қувватлаш бўйича беш йиллик стратегия қабул қилинди.
Молиялаштириш соҳасида ҳам кенг имкониятлар очилмоқда. Жорий йилда банклар тадбиркорлик лойиҳалари учун 6 миллиард доллар маблағ олиб келмоқда. Келгуси йилда эса кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун яна 1 миллиард доллар йўналтирилади. “Чемпион тадбиркор”ларга 10 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилиши, ҳар йили 100 мингдан ортиқ тадбиркорнинг кредит фоизини 6%га туширилиши уларнинг фаолиятига катта рағбат бўлиб хизмат қилади.
Солиқ сиёсатидаги ислоҳотлар ҳам тадбиркорлар учун қулайлик яратмоқда. ҚҚС ставкаси 15%дан 12%га туширилди. Айланмаси 20 миллиард сўмдан кам бўлган тадбиркорлар учун аванс тўловлари бекор қилиниб, уларнинг ихтиёрида қўшимча 1 триллион сўм маблағ қолишига замин яратилди.
Шу билан бирга, ортиқча ҳужжатбозлик камайтирилиб, тадбиркорларнинг 350 миллиард сўмлик харажатлари тежалди. 2026 йилдан бошлаб яна 10 турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилинади. Санитария, ветеринария ва карантин назоратидаги 32 турдаги маҳсулотлар учун мажбурий сертификат талаб этилмайди, уларнинг баҳолаш тизими халқаро стандартларга мослаштирилади.
Техник жиҳатдан тартибга солиш тизими тубдан ўзгармоқда. Ягона “бозор назорати” тизими жорий қилиниб, тадбиркор эмас, балки маҳсулотнинг ўзи назорат объектига айланади. Бу рақобатбардош маҳсулотларнинг кўпайишига замин яратади.
“Даладан-дастурхонгача” тамойили асосида санитария, ветеринария ва карантин назорати органларининг лаборатория функциялари ягона рақамли тизимга бирлаштирилиши тадбиркорлар учун катта енгиллик яратади.
Давлат харидлари ва биржа савдоларида тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида янги механизмлар ишлаб чиқилмоқда. Барча намунавий шартномалар бизнес-омбудсман, Адлия вазирлиги ва Рақобат қўмитаси томонидан экспертизадан ўтказилиши тадбиркорлар манфаатларини мустаҳкам ҳимоя қилади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатимизда тадбиркорлик муҳити тобора очиқ, рақобатбардош ва адолатли бўлиб бормоқда. Давлат ва хусусий секторнинг самарали ҳамкорлиги, рақамлаштириш жараёнларининг кенгайиши ҳамда ёшлар ва инновацияларга берилган катта эътибор иқтисодий тараққиётимизнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.
Барча тадбиркорлардан яратилаётган бу имкониятлардан унумли фойдаланиб, янги иш ўринлари яратиш ва мамлакат иқтисодиётини юксалтириш йўлида фаол иштирок этиш талаб этилади.
Даврон КЕСИМОВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати
