Давлатимиз томонидан яратиб берилган қулай шарт-шароит ва имтиёзлар Ўзбек деҳқонлари номини янада юксакларга кўтариш имконини яратмоқда
2025-08-18 15:45:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокимлигида Қашқадарё вилояти фермерлари Кенгашининг “Фермер хўжаликларида кўп тармоқли фаолиятини ривожлантириш муаммолари ва вазифалари” мавзусидаги амалий конференция бўлиб ўтди.
Конференция давомида вилоят ҳокими Муротжон Азимов ва Ўзбекистон фермерлари кенгаши раиси Актам Хаитовлар воҳамиз фермерларига мурожаат қилди. Мурожаатни вилоят, туман ва шаҳар студияларидан барча фермерлар тинглаб, тегишли хулоса ҳамда таклифларни олишди.
Муротжон Азимов:
➡️ Бугунги кунда бутун дунёда кузатилаётган иқлим ўзгариши ва мураккаб геосиёсий вазият шароитида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш олдимизда турган энг асосий вазифалардан бири ҳисобланади.
➡️ Муҳтарам Президентимиз томонидан барча соҳалардаги каби қишлоқ хўжалигида ҳам кенг имконият ва шароитлар яратиб берилган. Ерларни ўзлаштириш, дала четидан самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни ўрнатиш, боғ-токзорлар барпо қилиш, насосларга қуёш панель ўрнатиш, техникалар сотиб олиш, чорвачиликдаги имтиёзлар фермерлар учун катта имконият бўлди.
➡️ Пахтада ҳам бу йил олдимизда улкан вазифа турибди, катта марра олганмиз, гектаридан 45 центнердан ҳосил олишимиз керак. Барча соҳаларда бўлгани каби пахтачиликда ҳам етиштирилган ҳосил рақамлаштирилиб, онлайн ҳисоб-китоб йўлга қўйилди.
➡️ Давлатимиз раҳбари томонидан ўтган ҳафтада ўтказилган йиғилишда бу йил етиштирилиб, платформадан ўтказилган 1 тонна пахта учун 1 млн.сўмдан субсидия ажратилишини маълум қилди. Берилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб, меҳнат қилган фермерлар мўл ҳосил ва юқори даромад кутмоқда.
Мурожаатни "Қашқадарё" телеканалининг кечки "Ахборот" дастурларида тўлиқ томоша қилинг.
Конференцияда ҳудуд фермерларини мавжуд муаммолари ва таклифлар ўрганилиб, фермер хўжаликлари фаолиятини келгусида янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди.
Сўнгра, қишлоқ хўжалиги фаолиятида тинмай меҳнат қилиб келаётган энг илғор фермер хўжаликлари раҳбарларининг 6 нафарига "Илғор фермер" кўкрак нишони топширилди. Шунингдек, бир қатор фаол фермерларга сиҳатгоҳларда дам олишлари учун йўлланмалар тақдим этилди.









