30 июнь — Ёшлар куни
2025-06-30 / Воқеалар тақвими

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар куни — Ўзбекистоннинг миллий байрами бўлиб, ҳар йили 30 июнь — Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил топган кун сифатида нишонланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 30 июнь куни бўлиб ўтган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида илк бор "Ёшлар куни"ни нишонлаш тўғрисида эълон қилган, шу куннинг ўзида янги ташкилот – Ўзбекистон ёшлар иттифоқини янги мақсад ва вазифалар билан ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган эди.
Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 14 августда қабул қилинган ва 2017 йил 24 августда Сенат томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Ёшлар кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 25 августда имзоланган.
Давлатнинг турли соҳаларда юксак натижа ва ютуқларга эришаётган ёшларни рағбатлантириб бориш мақсадида “Келажак бунёдкори” медали ҳамда ҳар жабҳада фаол ва жонкуяр ёш йигитлар учун давлат раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан "Мард ўғлон" давлат мукофоти таъсис этилди.
