Қашқадарёда 7 млн долларлик замонавий тикув-трикотаж фабрикаси қурилишига тамал тоши қўйилди
2025-05-18 18:30:00 / Янгиликлар

Миришкор туманининг “Оқмачит” маҳалласида вилоятда пахтачилик йўналишида фаолият юритаётган етакчи кластерлардан бири — “Султон Tex Group” корхонаси томонидан умумий қиймати 7 млн АҚШ долларига тенг бўлган замонавий тикув-трикотаж фабрикаси қурилишига расмий тарзда старт берилди.
Президентимиз томонидан тадбиркорликни ривожлантириш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, саноатни маҳаллийлаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Ана шундай имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда, “Sulton Tex Group” корхонаси туман саноат инфратузилмасини мустаҳкамлаш йўлида йирик лойиҳани амалга оширмоқда.
Тадбирда туман ҳокими Файзулло Ғуломов иштирок этиб, туман саноат салоҳиятини ошириш, янги иш ўринлари яратиш йўлида ташаббус кўрсатган корхона раҳбари Нурбек Эргашевга миннатдорлик билдириб, унга анъанавий тарзда тўн кийдирди.
Маросим давомида маҳалла нуронийлари томонидан дуо ўқилиб, дастурхон ёзилди ва ош тортилди — бу эзгу ишга файз ва барака тилашнинг тимсоли бўлди.
Лойиҳа доирасида қурилиш майдонининг аниқ чегаралари белгилаб олиниб, ерга қозиқлар қоқилди. Корхонанинг тўлиқ ишга тушиши натижасида 500 та доимий иш ўрни яратилади. Бу эса нафақат “Оқмачит” маҳалласи, балки бутун туман аҳолисининг бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлади.



