Камбағалликдан фаровонлик сари!
2025-02-01 10:25:00 / Янгиликлар

Ўзбекистонда аҳолининг турмуш даражасини ошириш ва камбағалликни қисқартириш мақсадида амалга оширилаётган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида Китоб туманида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Дастур доирасида аҳолини даромадли фаолиятга жалб қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, томорқалардан унумли фойдаланишни рағбатлантириш ва оилавий бизнесни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, туманнинг “Бектемир” МФЙда аҳолининг томорқачилик маданияти ривожланаётганлиги, хонадонларда иссиқхоналар ташкил этилаётганлиги ва унда етиштирилаётган маҳсулотлар йил бўйи бозорларимизга етказиб берилаётганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз. Шунингдек, хонадонларда чорвачилик, паррандачилик соҳаларининг ҳам кенг ёйилиши аҳоли вакилларининг қўшимча даромад топишига замин яратмоқда.

Бундан ташқари, сўнгги йилларда тадбиркорликка кенг йўл очилганлиги орқали энг чекка ҳудудларда оилавий корхоналар, янгидан-янги тадбиркорлик субъектлари сони ортишига хизмат қилмоқда. Бунда “Устоз - шогирд” анъаналари ҳам муҳим ўрин тутмоқда.
