Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов Туркия делегацияси билан учрашув ўтказди
2026-11-19 15:50:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокими Муротжон Азимов Туркия Буюк Миллат Мажлиси депутати, «Туркия–Ўзбекистон» парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Усмон Местен бошчилигидаги делегацияни қабул қилиб, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестиция жалб қилиш ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Муротжон Азимов меҳмонларга Қашқадарёнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги имкониятлари ҳақида маълумот берди.
Учрашувда вилоят ҳокими туркиялик ҳамкорларга бир қатор аниқ таклифларни илгари сурди.
Жумладан, қурилиш, мебелсозлик, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик йўналишларида фаолият юритувчи «Görkem İnşaat», «Nefes Harita Yapı İnşaat», «Yalı Mobilya Kayseri», «Özbaşyiğit Mobilya» ва «Orhan Gülveren Hayvancılık İnşaat» каби компанияларни Қашқадарёда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга таклиф этди.
Шунингдек, Туркиянинг «Mavi», «DeFacto», «Vakko», «Şişecam», «Eczacıbaşı», «Kale Group», «Ülker», «Sütaş», «Eti» ва «Tat Gıda» каби йирик компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, илғор технологияларни маҳаллий корхоналарга трансфер қилиш, халқаро брендлар яратиш ва маркетинг соҳасида мутахассислар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Делегация вакиллари эса Ўзбекистонда, хусусан, Қашқадарё вилоятида тадбиркорлик ва инвестиция учун яратилган муҳит, мавжуд имкониятлар уларда катта таассурот қолдирганини таъкидлаб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш билдирди.









