Вилоят ҳокими Муротжон Азимовнинг 21-октбяр – Ўзбек тили байрами ва ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 37 йиллиги муносабати билан воҳамиз аҳлига табриги
2026-10-20 17:35:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, қадрли юртдошлар!
Барчангизни 21-октябр – Ўзбек тили байрами ҳамда она тилимизга давлат тили мақоми берилганининг 37 йиллиги билан чин дилдан табриклайман!
Ўзлигимиз рамзига айланган бу байрам муносабати билан эзгу тилакларимни изҳор этаман!
Бизнинг миллат сифатидаги энг асосий тимсолимиз – она тилимиздир. Бежизга уни миллатнинг руҳи сифатида таърифлашмаган. Халқнинг шаъни, ғурури, ор-номуси, виждони, қадрияти, тарихи, келажаги она тили билан чамбарчас боғлиқ.
Муҳтарам Президентимиз қайд этганларидек: “том маънодаги тарихий ислоҳотларимиз туфайли ўзбек тили ривожида ҳам янги давр бошланди. Бу борада қабул қилинган фармон, қарор ва дастурлар асосида унинг давлат тили сифатидаги ўрни ва мақомини мустаҳкамлаш, замонавий илм-фан, ахборот технологиялари ва халқаро муносабатлар тилига айлантириш бўйича катта ишларни амалга оширдик”.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 7 августдаги қарори билан раҳбарларнинг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиларининг асосий вазифалари белгилаб қўйилди.
Сунъий интеллект ёрдамида ўзбек тилидаги матнларни овозли нутққа, нутқларни матнга айлантирадиган, ўзбек тилидан хорижий тилларга, хорижий тиллардан ўзбек тилига таржима қиладиган, видео ва фотосуратлардаги матнларни ўқиб-ўгиришга хизмат қиладиган махсус платформа яратиш бўйича танлов эълон қилинди.
Вилоятимизда она тилимизнинг қадрини юксалтириш йўлида қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳокимликларда фаолият юритаётган давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчилар, олимлар, зиёлилар, жамоатчилик вакиллари саъй-ҳаракати билан географик объектлар номларини давлат тили меъёрларига мувофиқлаштириш изчил давом эттирилмоқда.
Минглаб географик объектлар, хусусан, маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўчалар, зиёратгоҳлар, истироҳат боғлари, тоғ ва чўққилар, дарё, кўл, сув омборлари, фойдали қазилма конлари, темирйўл вокзали ва станциялари, аэропорт ва автостанциялар номлари давлат тилига мувофиқлаштирилиб, реестрга киритилмоқда.
Бу йўналишдаги вилоят, шаҳар ва туман комиссиялари томонидан географик объектлар аҳоли таклифлари, хоҳиш ва истаклари асосида, қадриятларимизга мос тарзда номланмоқда. Унутилиб бораётган тарихий номлар босқичма-босқич тикланмоқда.
Ташқи ёзувлар давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун талабларига мувофиқлаштириляпти. Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш тизими яратилди.
Ҳаётимизга кенг миқёсда кириб келаётган янги тушунча ва атамаларни тилимизга аниқ қоида ва тамойилларга биноан қабул қилиш, тил сиёсатини илмий асосда, марказлашган ҳолда юритиш мақсадида Атамалар комиссияси фаолияти кучайтирилди.
Қашқадарёлик тилшунос, матншунос ва адабиётшунос олимлар халқаро илмий анжуманларда ўз маърузалари билан қатнашаётгани, тилимиз ривожига хизмат қиладиган нуфузли анжуманларнинг воҳамизда ҳам ташкил этилаётганлиги, бу йўналишларда олиб борилаётган илмий тадқиқотлар сонининг ошганлиги бизни жуда қувонтиради.
Корхона, ташкилот ва муассасаларда юритилаётган иш ҳужжатларининг давлат тили борасидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ва янги ўзбек алифбосида бўлишига эътибор кучайтирилмоқда.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази Қашқадарё ҳудудий бўлинмаси томонидан ўзбек адабий тили меъёрлари, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва имлоси, давлат тилида иш юритиш асослари бўйича ўқувлар мунтазам равишда ташкил этилмоқда.
Корхона, ташкилот ва муассасаларда “Саводхон ташкилот – саводли жамият” шиори остида оммавий диктант тадбирлари ўтказилмоқда.
“Рақамли ҳукумат” тизимининг ривожланаётгани, алифбомизга киритилаётган янги ўзгартиришлар бу йўналишлардаги тадбирларимиз кўламини янада кенгайтиришни талаб этади.
Давлатимиз раҳбари ўзбек тили – рақамли дунёда илм ва технология яратиладиган тил бўлиши зарурлиги бўйича алоҳида вазифа белгилаб берганлар.
Бу вазифани адо этиш Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессансни бунёд этиш йўлидаги орзуларимиз рўёбига хизмат қилади.
Қадрли дўстлар!
Она тили жонкуярлари деганда энг аввало кўз ўнгимизга фидойи ўқитувчилар, олимлар, журналист ва блогерлар, ёзувчи, шоир ва ноширлар, таржимонлар, маданият ва санъат аҳли, маънавият тарғиботчилари келади.
Лекин ўзини шу юрт фарзанди деб ҳисоблаган, ўз тақдирини унинг келажаги билан боғлаган ҳар бир ватандошимиз тилимиз равнақига, унинг нуфузини оширишга ўз ҳиссасини қўшмоғи, бу ишни ўз бурчи деб билмоғи зарур.
“Ҳар кимнинг қадр-қиммати унинг сўзидан билинади”, – деб ёзган эди буюк бобомиз Абу Райҳон Беруний.
Демак, сўз ва тилни қадрлаш инсон қадри деган тушунча билан боғлиқ.
Мана шу улуғвор бурчни шараф билан адо этиш йўлида барчангизга муваффақият тилаймиз!
Ўзбек тили байрами муборак бўлсин, азизлар!
