Марказий Осиё ва Озарбайжон: умумий мақсадлар сари
2026-10-09 15:10:00 / Янгиликлар

Сўнгги йилларда Марказий Осиёда сиёсий муҳит сезиларли даражада ўзгарди. Давлатлар ўртасида очиқ мулоқот ва ўзаро ишонч кучайди, умумий муаммоларни биргаликда ҳал этишга интилиш янги босқичга кўтарилди. Натижада минтақа умумий манфаатлар ва амалий ҳамкорлик устувор бўлган маконга айланмоқда.
Бугун Марказий Осиё мамлакатлари олдида турган вазифалар ҳам аввалгидан кенг. Хавфсизлик, транспорт, савдо, энергетика, сув, экология, рақамли технологиялар ва инсон капитали каби йўналишлар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис уларни ҳар бир давлатнинг алоҳида саъй-ҳаракатлари билан эмас, балки умумий ёндашув ва қўшма лойиҳалар асосида ҳал этиш эҳтиёжи тобора кучаймоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувидаги нутқида минтақавий ҳамкорликнинг узоқ муддатли устувор йўналишлари ҳам белгилаб берилди.
Ҳамкорликни мустаҳкамлайдиган янги сиёсий асос
Бугунги Марказий Осиё ўн йил аввалги минтақа эмас. Давлатлар ўртасидаги сиёсий мулоқот фаоллашди, чегаралар, транспорт, савдо-иқтисодий алоқалар ва бошқа долзарб масалалар бўйича ўзаро англашув кучайди. Бу жараён минтақанинг халқаро майдондаги мавқеига ҳам таъсир кўрсатмоқда.
Дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани тузиш жараёнининг якунланиши ҳам муносабатларни сиёсий жиҳатдан мустаҳкамлашда муҳим қадамдир.
Шу нуқтаи назардан, Маслаҳат учрашувлари фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш таклифи алоҳида аҳамиятга эга. Чунки сиёсий ишончни барқарор ҳамкорликка айлантириш учун унинг институционал асослари ҳам мустаҳкам бўлиши керак.
Савдодан кооперацияга: иқтисодий ҳамкорликнинг янги модели
Нутқда иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга алоҳида урғу берилгани бежиз эмас. Ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажмини ошириш муҳим, аммо бунинг ўзи етарли эмас. Асосий вазифа — мамлакатларнинг иқтисодий имкониятларини бирлаштириб, янги қиймат занжирларини яратиш.
Шу маънода “Олти иқтисодиёт — битта маҳсулот” формуласи эътиборга молик. У оддий товар айирбошлашдан минтақавий ишлаб чиқариш кооперациясига ўтишни англатади.
Бунда ҳар бир мамлакат ўзининг устун жиҳатларини — хом ашё, меҳнат ресурслари, технология, капитал, логистика ёки бозор имкониятларини умумий ишлаб чиқариш занжирига қўшиши мумкин. Натижада хом ашёни экспорт қилиш билан чекланмай, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти кенгаяди.
Энг муҳими, бундай ёндашув минтақани фақат товарлар ҳаракати ҳудуди эмас, балки ишлаб чиқариш, инвестиция ва инновациялар бирлашган ягона иқтисодий маконга айлантириш имконини беради.
Географияни стратегик устунликка айлантириш
Марказий Осиёнинг географик жойлашуви азалдан муҳим стратегик омил бўлиб келган. Бугун эса бу омил янги мазмун касб этмоқда. Минтақа Европа ва Осиёни боғловчи савдо йўналишларида муҳим бўғинга айланиши мумкин.
Бироқ бунинг учун транспорт йўлакларини ривожлантиришнинг ўзи кифоя эмас. Транспорт тармоқлари энергетика, рақамли инфратузилма, ишлаб чиқариш ва замонавий логистика тизимлари билан биргаликда ривожланиши зарур.
Шу нуқтаи назардан, Инфратузилмавий ривожланиш бўйича кенгаш тузиш ва унинг биринчи мажлисини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббуси муҳим аҳамият касб этади. Бундай механизм минтақавий инфратузилма лойиҳаларини мувофиқлаштириш ва уларни амалга оширишда самарали восита бўлиши мумкин.
Энергетика ва сув - хавфсизлик масаласи
Минтақавий тараққиётнинг барқарорлиги энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга бевосита боғлиқ.
Шу боис кам углеродли энергетика салоҳияти бўйича қўшма концепция ишлаб чиқиш ташаббуси стратегик аҳамиятга эга. Янги энергетика қувватларини барпо этиш, энергияни сақлаш технологияларини ривожлантириш ва энергетика йўлакларини шакллантиришдаги ҳамкорлик мамлакатларнинг энергетик барқарорлигини кучайтиради.
Сув масаласи эса янада кенгроқ аҳамиятга эга. У нафақат экологик, балки иқтисодий ва хавфсизлик масаласидир. Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона ва адолатли фойдаланиш барқарор тараққиётнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Шу маънода сувдан фойдаланиш бўйича амалий чора-тадбирлар ўн йиллигини тўлиқ амалга ошириш ҳамда Афғонистон билан сув масалалари бўйича доимий мулоқотни йўлга қўйишга қаратилаётган эътибор минтақа муаммоларига комплекс ёндашув зарурлигини кўрсатади.
Сув энди бир давлатнинг ички масаласи сифатида эмас, балки бутун минтақа барқарорлигига таъсир қиладиган умумий манфаат сифатида қаралмоқда.
Оролбўйи - умумий масъулият
Орол фожиаси экологик муаммолар давлат чегараларини тан олмаслигининг энг яққол мисолидир. Шунинг учун Оролбўйи муаммоси минтақавий ҳамкорликнинг доимий кун тартибида қолиши табиий.
Ўзбекистоннинг Оролни қутқариш халқаро жамғармасидаги раислиги давридан экологик лойиҳаларни кенгайтириш, янги молиявий ресурсларни жалб этиш ва Жамғарма фаолияти самарадорлигини ошириш учун фойдаланиш нияти экологик масалаларга амалий ёндашувни кучайтиришга хизмат қилади.
Бу ерда асосий вазифа фақат мавжуд оқибатларни бартараф этиш эмас. Экологик хавфларнинг олдини олиш, илмий ва технологик имкониятларни бирлаштириш ҳамда барқарор молиялаштириш механизмларини яратиш муҳим.
Муҳим минераллар: хом ашёдан юқори қийматга
Жаҳон иқтисодиётида технологик ўзгаришлар тезлашар экан, муҳим минералларга бўлган эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда. Марказий Осиё давлатларининг бу соҳадаги имкониятларини бирлаштириш минтақани янги иқтисодий имкониятлар билан таъминлаши мумкин.
Муҳим минераллар захираларининг ягона рақамли харитасини яратиш таклифи бу борада амалий қадам бўла олади. Аниқ ресурс базаси қўшма тадқиқотлар, инвестиция лойиҳалари ва қайта ишлаш саноатини ривожлантириш учун зарур ахборот асосини яратади.
Шундай қилиб, минтақа фақат хом ашё етказиб берувчи ҳудуд эмас, балки ресурсларни қайта ишлайдиган ва юқори қўшилган қиймат яратадиган иқтисодий маконга айланиш имкониятига эга.
Рақамли тараққиёт ва инсон капитали
Замонавий иқтисодиётда технология ва инсон капитали ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис умумий ҳисоблаш инфратузилмасини яратиш ташаббуси сунъий интеллект, катта маълумотлар, рақамли хизматлар ва илмий тадқиқотлар учун минтақавий технологик имкониятларни кенгайтириши мумкин.
Аммо технологиянинг ўзи етарли эмас. Уни яратадиган, бошқарадиган ва иқтисодий натижага айлантирадиган мутахассислар керак.
Шу нуқтаи назардан, талаб юқори бўлган касб ва компетенцияларнинг минтақавий атласини ишлаб чиқиш муҳим. Бундай атлас меҳнат бозорининг нафақат бугунги, балки келгуси эҳтиёжларини ҳам аниқлашга ёрдам беради.
Бу эса таълим, касб-ҳунар тайёргарлиги ва меҳнат бозори ўртасидаги боғлиқликни кучайтиради. Энг муҳими, ёшларни келажакда талаб юқори бўладиган касбларга тайёрлаш учун аниқ йўналиш пайдо бўлади.
Барча йўллар инсон фаровонлигига олиб бориши керак
Президент нутқида илгари сурилган ташаббусларнинг барчасини бирлаштириб турадиган асосий ғоя - минтақавий ҳамкорлик, аввало, инсон манфаатига хизмат қилиши керак. Транспорт йўлаклари, энергетика қувватлари, сув ресурслари, муҳим минераллар, рақамли технологиялар ёки қўшма инвестиция лойиҳаларининг асосий вазифаси янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш, иқтисодий имкониятларни кенгайтириш, таълим ва технологияларга киришни осонлаштиришдир.
“Тараққиёт ва хавфсизлик йўлида бирдамлик ва ишонч” тамойили Марказий Осиё ва Озарбайжон ҳамкорлигининг янги босқичини ифодаловчи муҳим қадамдир. Энди асосий вазифа эришилган сиёсий ишончни узоқ муддатли амалий натижаларга айлантиришдир. Бунинг учун сиёсий мулоқот институционал механизмлар билан, иқтисодий манфаатлар қўшма лойиҳалар билан, географик имкониятлар замонавий инфратузилма билан, табиий ресурслар инновация ва технологиялар билан, инсон капитали эса сифатли таълим ва замонавий меҳнат бозори билан уйғунлашиши лозим.
Шу маънода Марказий Осиё ва Озарбайжон ҳамкорлигининг янги босқичи оддий дипломатик мулоқот доирасидан анча кенг. Бу - умумий иқтисодий макон, барқарор хавфсизлик муҳити ва инсон учун муносиб ҳаёт шароитларини шакллантиришга қаратилган узоқ муддатли стратегик жараёндир.
Даврон Кесимов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Қашқадарё вилояти
ҳудудий бўлинмаси раҳбари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати
