Вилоят ҳокими “Билимлар куни”да иштирок этди
2026-09-02 12:25:00 / Янгиликлар

Бугун вилоятимиз бўйлаб мактабларда илмга ташна ўқувчилар иштирокида янги ўқув йили илк қўнғироқ садолари остида бошланди. Байрамона кайфият, шодиёна руҳ ва эзгу тилаклар билан ўтган ушбу тадбирлар ёшлар қалбида катта илҳом уйғотди.
Вилоят ҳокими Муротжон Азимов Қарши туманидаги 65-мактабда бўлиб ўтган “Билимлар куни” тадбирида иштирок этди ва Президентимизнинг мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Тадбир давомида вилоят ҳокими мактаб остонасига илк бор қадам қўйган 1-синф ўқувчиларга “Президент совғаси”ни топширди. Бу эса ёшлар ҳаётида унутилмас лаҳза сифатида муҳрланди.
Маълумот учун, мазкур 65-мактабнинг 7 нафар хорижий тил ўқитувчиларининг барчаси тил билиш сертификатларини қўлга киритган бўлиб, 11-синф ўқувчиларининг 32 нафари C1, B2 даражали сертификатларга сазовор бўлишган. Ўтган ўқув йилида мактабни тамомлаган жами 58 нафар битирувчининг 40 нафари олий ўқув юртларига, 18 нафари эса техникумларга қабул қилинди. Мактабда UNICEF лойиҳаси асосида алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болалар учун инклюзив таълим синфлари жорий этилган.









