20 нафар ёшларга "Президентимиз совғаси" - хонадонлар калити топширилди
2026-08-30 16:45:00 / Янгиликлар

Сўнгги йилларда юртимизда Президентимиз томонидан инсонпарварлик ва халқчиллик сиёсати изчиллик билан амалга оширилмоқда. Ҳар бир инсон, у қайси соҳа вакили ёки ким бўлишидан қатъий назар, давлатимизнинг, шахсан юртбошимизнинг эътиборида, ҳурмат ва эъзозида эканини тобора ҳис қилишмоқда.
Шу боис, бугун вилоят ҳокимлигида Президентимиз ғамхўрлиги ва эътиборлари туфайли мустақиллигимиз 35 йиллиги муносабати билан чин етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, уй-жойга муҳтож 20 нафар қашқадарёлик ёшларга "Президент совғаси", яъни, хонадон калитлари вилоят ҳокими Муротжон Азимов томонидан тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, вилоят ҳокими давлатимиз раҳбарининг ёшларга бераётган бундай меҳр-эътиборларига жавобан, улар яхши билим, илм олиб, ҳунар ўрганиб, Ватанга садоқат билан хизмат қилишларига ишонч билдирди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан аҳолининг муҳтож қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя соҳасини ривожлантириш йўлидаги фидокорона меҳнати ва ташаббуслари учун соҳанинг бир қатор ходимлари “Ижтимоий ҳимоя фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Мазкур эътироф соҳа ходимларининг машаққатли ва масъулиятли меҳнатига берилган муносиб баҳо бўлиб, уларни келгусида ҳам инсон қадри ва халқ фаровонлиги йўлида янада фаол ва фидокорона меҳнат қилишга ундайди.









