Қашқадарё вилояти ҳокими Азимов Муротжон Бердиалиевичнинг юртимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан вилоятимиз аҳлига байрам табриги
2026-08-31 10:35:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!
Муҳтарам нуронийлар, қадрли ёшлар, ҳурматли меҳмонлар!
Аввало, барчангизни, Сиз орқали вилоятимиз аҳлини мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги билан самимий табриклайман!
Энг улуғ, энг азиз байрамимиз муносабати билан юксак ҳурмат, эҳтиромимни, эзгу тилакларимни изҳор этаман.
“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратайлик!” бош ғоясини мужассам этган байрам тантаналари воҳамизнинг ҳар бир маҳалла, кўча, хонадонига ўзгача файз олиб кирмоқда.
Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек: “Ўттиз беш йиллик мустақил тараққиёт йўлимиз бизга бир ҳақиқатни ўргатди: халқ ва давлат ягона мақсад йўлида бирлашиб, астойдил ҳаракат қилса, забт этиб бўлмайдиган марранинг ўзи йўқ.
Бундай буюк қудратга эга халқ ва давлатни енга оладиган кучнинг ўзи йўқ”.
Бугун мамлакатимиз тараққиёт йўлидан илдам, оғишмай олға бормоқда. Ҳар бир ислоҳот, ўзгариш, янгиликлар “Инсон қадри учун” ғоясига таянган ҳолда амалга оширилмоқда.
Жаҳондаги турли зиддиятлар, тинчлик инқирози шароитида мустақиллигимиз — миллий ўзлигимиз, асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Мустақиллик байрами муносабати билан Қашқадарёликлардан 22 нафари Давлатимизнинг юксак орден ва медаллари, қарийиб
3 200 нафари эсталик нишони билан тақдирланди.
Муҳтарам Президентимизнинг воҳадош-ларимизга, берган бу юксак эътирофлари - мард, олижаноб, танти Қашқадарёликлар учун катта шараф, ифтихордир.
Албатта, бу - вилоятимиздаги соғлом муҳит, халқимиздаги ҳамжиҳатлик, барча раҳбарлар ҳамда кенг жамоатчиликнинг муҳтарам Президентимиз атрофида мустаҳкам бирлашиб, халқимиз фаровонлиги йўлида меҳнат қилаётганининг юксак самарасидир.
Айни пайтда барча шаҳар, туман, қишлоқ, маҳаллаларимизда янгича бунёдкорлик руҳи, яратувчанлик кайфияти ҳукмрон.
Вилоятимиз тараққиёти мутлақо янги босқичга кўтарилмоқда.
Барча юртдошларимиз қатори, Қашқадарёлик-ларнинг ҳам эртанги кунга ишончи кун сайин мустаҳкамланмоқда.
Шу ўринда, вилоятимизда қўлга киритилган ютуқлар ҳақида айрим рақамларни келтирсам, ўринли бўлади.
Сўнгги ўн йилда вилоятимиз иқтисодиёти 5 каррага, жон бошига тўғри келадиган ҳудудий маҳсулот 4 каррага ошди.
Ишбилармонлик ва инвестиция муҳитининг яхшиланиши натижасида тадбиркорлик субъектлари ва саноат корхоналари 3 бараварга кўпайди.
Ялпи ҳудудий маҳсулотда тадбиркорларнинг улуши 70 фоизга етди.
Қашқадарё маҳсулотлари экспорт географияси 4 бараварга кенгайди.
Илгари иқтисодиётимизга йилига 1-2 миллион доллар хорижий инвестиция келган бўлса, биргина жорий йилнинг ўзида 1 миллиард доллардан ошиқ чет эл сармояси жалб қилинди.
Фаол тадбиркорларимиз кучи, салоҳияти билан саноатда улуши 100 миллион доллардан ортган туманларимиз сони 1 тадан 9 тага етди, 14 та туманда хизматлар хажми 1 триллион сўмдан ошди.
Яратилаётган ҳар бир иш ўрни, қад кўтараётган ҳар бир корхона, халқимиз оғирини енгил қилаётган ҳар бир хизмат, экспорт бўлаётган ҳар бир маҳсулот – тадбиркорларимизнинг жасорат билан қилаётган меҳнати, ташаббуси ва изланишлари маҳсулидир.
Фурсатдан фойдаланиб, Янги Ўзбекистон тараққиёти, истиқболини таъминлаётган, халқимиз ҳаётини фаровон қилаётган энг катта таянчимиз бўлган барча тадбиркорлар, инвесторларимизга чексиз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.
Халқимиз учун қарийиб мингта кўп қаватли уй қурилиб, 35 мингта оила замонавий хонадонга эга бўлди. Аҳамиятлиси, янги уйларнинг ярмидан кўпи охирги 4 йилда қурилди.
Марказлашган ичимлик суви таъминоти 11 фоиздан 62 фоизга етказилди.
Ажратилган маблағлар ҳисобидан 12 минг километр йўл, 200 га яқин кўприк таъмирланди.
Биргина, Мустақиллик байрами арафасида қарийиб 7 триллион сўмлик 600 га яқин саноат, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди.
Илм-фан, инновацияларнинг кенг қўлланилиши натижасида Қашқадарёда етиштирилган пахта ҳажми илк бора – 550 минг тоннадан ошди. Ғалла, сабзавот, мева ҳосилдорлиги сезиларли кўпайди.
Сўнгги икки йилнинг ўзида 450 та маҳаллага Янги Ўзбекистон қиёфаси кириб борди.
Камбағалликни қисқартириш, эҳтиёжманд оилаларнинг даромади, касби, саломатлиги, фарзандларининг таълим олиши, яшаш шароитини яхшилаш, ижтимоий ҳимояси бўйича “маҳаллабай” ишлаш йўлга қўйилди.
Муҳими, 239 та маҳалла “ишсизлик ва камбағалликдан холи” ҳудудга айланди. Қатор туман, шаҳарларимизнинг камбағаллик, ишсизлик кўрсаткичи табиий даражага яқинлашди.
Туризм- Қашқадарёнинг янги иқтисодий “ташриф қоғози”га айланди. Шаҳрисабзнинг тарихий меросига эътибор, тоғолди ҳудудларининг ривожлантирилиши натижасида бу соҳа ривожи мутлақо янги босқичга чиқди.
Меҳмонхона фонди 10 карра, хорижий сайёҳлар оқими эса
31 баробарга кўпайди.
Шаҳрисабзга “Жаҳон ҳунармандлар шаҳри” мақоми берилиши вилоятимизда туризм ва ҳунармандчилик ривожи учун жуда катта имкониятлар эшигини очади.
Ўтган ўн йилда аҳолимиз 700 мингтага кўпайганига қарамасдан боғча қамрови 13 фоиздан 75 фоизга етди.
Мактабларда қарийиб 200 мингта қўшимча янги ўқувчи ўрни яратилди. Ўқитувчилар обрў-эътиборини тиклаш ислоҳотлари натижасида бугун мингдан ошиқ муаллимлар 10 миллион сўмдан юқори маош олмоқда.
Республикада биринчи бўлиб, ёшларни хорижий тиллар, касбга ўқитиш бўйича Германиялик ҳамкорлар билан улкан лойиҳа йўлга қўйилди.
Мактаб битирувчиларининг олий таълимга қамраб олиш даражаси 9 фоиздан 51 фоизга етди. Фарзандининг, айниқса, қизларнинг олий маълумотли бўлиши учун инвестиция киритаётган ота-оналарнинг кўпаяётгани, барчамизни қувонтирмоқда.
Соғлиқни сақлашга ажратилаётган маблағларнинг кескин оширилгани, тиббиёт муассасалари моддий-техника базасининг яхшилангани, хусусий секторга кенг имконият берилгани халқимиз саломатлигини таъминлашда самара бермоқда.
Илгари хориж ва пойтахтда қилинган 100 га яқин мураккаб диагностика ва даволаш усуллари бугун вилоятимизда мукаммал бажарилмоқда.
Азиз воҳадошлар!
Ўзгаришларни бир жумлада ифодалайдиган бўлсак, Қашқадарё катта табиий ресурсларга эга ҳудуддан ушбу имкониятларни саноат, тадбиркорлик, хизматлар, туризм ва инсон капиталига айлантираётган замонавий иқтисодий ҳудудга айланмоқда.
Ўн йил олдин биз учун газ, электр, йўл, сув тармоғини етказиш, тадбиркорга кредит бериш асосий масала эди.
Бугун юқори қўшилган қийматли саноат, энергия ва сув тежамкор технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект, экспортбоп маҳсулотлар, замонавий логистика ва туризм хизматларини ривожлантириш асосий вазифаларимизга айланди.
Жорий йил якунига қадар вилоят иқтисодиётини 8,2 фоизга, саноатни 8,6 фоизга ўсишини таъминлашни мақсад қилганмиз.
Инвестициялар ҳажмини 3,5 миллиард долларга, экспортни 1 миллиард долларга етказиш, ишсизлик ва камбағалликни минимал даража – 3 фоизгача тушириш учун ишлаяпмиз.
Қадрли воҳадошлар!
Муҳтарам Президентимиз келгуси ўн йиллик – биз учун миллий юксалиш даври бўлишини алоҳида таъкидлаб, юртимизда инсон қадрини янада юксалтирадиган 7 та йўналишни алоҳида белгилаб бердилар.
Шу асосда, аввало, билим ва малакани келгуси тараққиётимизнинг асосий капиталига айлантиришга интиламиз.
Болаларни боғчага қамраб олиш, мактабларда таълим сифатини янада яхшилаш, ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш устувор масаламиз бўлиб қолади.
Техникумларда халқаро таълим дастурлари янада кўпайтирилиб, ёшларимиз юқори даромадли касбларга ўқитилади.
Халқимизнинг соғлом бўлиши, узоқ умр кўришини таъминлашга қаратилган ишлар кўлами янада кенгаяди.
Иқтисодиётимизни юқори технология ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказиш – асосий вазифаларимиздан бири бўлади.
Тадбиркорликда кичик бизнесдан – ўрта бизнесга, ўртадан – йирик лойиҳаларга ўтиш бўйича барча амалий чоралар кўрилади.
Саноатни диферсификация қилиш, маҳсулотлар рақобатбардошлигини оширишнинг зарурий имкониятлари ишга солинади.
Сув ва табиатга муносабат тубдан ўзгаради. Экин майдонларда сув тежайдиган технологияларга тўлиқ ўтилади.
Ерлар ҳолатини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги тараққиётини илмий асосда ташкил этиш кучайтирилади.
Суд мустақиллиги ва қонун устуворлигини таъминлашни умумий қадриятга айлантириш йўлида барча имкониятлар ишга солинади.
Маҳалла – хақиқий маънода, тараққиётимизнинг асосий буюртмачисига айлантирилади. Маҳаллалардаги ихтисослашувни чуқурлашлаштириш одамларнинг рўзғорига барака киритиш қўллаб-қувватланади.
Ватанимизнинг тинчлик ва дўстлик диёри, бағрикенг ўлка сифатидаги нуфузини ҳар томонлама юксалтириш борасидаги тадбирларимизни изчил давом эттирамиз.
Азиз дўстлар!
Бугун қашқадарёликлар – барчамиз белни маҳкам боғлаб, маррани баланд олганмиз.
Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек: “Биз бугун кечагидан кучлимиз. Насиб этса, эртага бундан ҳам кучли бўламиз”.
Янги Ўзбекистон тараққиёти учун бирлашиб, илғор ғоя, ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиб, ислоҳотлар натижадорлиги йўлида бир-биримизни қўллаб-қувватласак, кўзлаган эзгу мақсадларимизга, албатта, етамиз.
Яна бир бор Давлатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги билан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилаларингизга бахту саодат, файз ва барака тилайман.
Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратайлик!
Янги Ўзбекистонимиз, жонажон Қашқадарёмиз янада гуллаб-яшнасин!
Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
