“ҚАШҚАДАРЁ–2030”: САЛОҲИЯТДАН ФАРОВОНЛИК САРИ
2026-08-17 16:25:00 / Янгиликлар

Вилоятнинг 2030 йилгача тараққиёт стратегияси иқтисодий ўсишни инсон манфаати билан боғлайди
Ҳар бир ҳудуднинг келажаги унинг қанча ресурсга эга экани билан эмас, шу ресурсни қай даражада инсон манфаатига хизмат қилдириши билан белгиланади. Қашқадарё учун ҳам бугунги энг муҳим масала - улкан табиий, иқтисодий ва меҳнат салоҳиятини аниқ натижага айлантиришдир. Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгаши сессиясида муҳокама қилинган “Қашқадарё–2030” стратегияси ана шу мақсадни кўзлайди: 3,7 миллиондан зиёд аҳоли учун барқарор даромад, муносиб иш ўрни, сифатли таълим ва тиббий хизмат, замонавий инфратузилма ҳамда хавфсиз ва фаровон ҳаёт муҳитини яратиш.
Бу ҳужжатни вилоятнинг кейинги тараққиёт фалсафасини белгилайдиган стратегик йўл харитаси сифатида баҳолаш тўғри бўлади. Чунки унда бир вақтнинг ўзида иқтисодий ўсиш, саноатни диверсификация қилиш, аграр соҳада қўшилган қийматни ошириш, инсон капиталини ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, сув ва экологик барқарорликни таъминлаш, туризмни кенгайтириш каби ўзаро боғлиқ мақсадлар жамланган.
Қашқадарё республика ялпи ҳудудий маҳсулотида 5,3 фоиз улушга эга, қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулотидаги ҳиссаси эса қарийб 10 фоизни ташкил этади.
Шу жиҳатдан стратегиянинг муҳим томони шундаки, у мавжуд муаммоларни яширмайди. Аксинча, уларни очиқ эътироф этиб, ҳар бир йўналиш учун ўлчаб бўладиган мақсад ва натижаларни белгилайди. Бу эса режалаштириш маданиятидаги муҳим ўзгариш: “қанча иш қилинди?” деган саволдан “одамлар ҳаётида қандай ўзгариш бўлди?” деган мезонга ўтишдир.
Стратегиянинг бош мақсадларидан бири Қашқадарёни республиканинг етакчи саноат-аграр ва туризм марказларидан бирига, нефть-газ-кимё саноатининг йирик масканига айлантиришдир.
2030 йилга бориб вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотини 13,4 миллиард АҚШ долларига етказиш, аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулотни 2 135 доллардан 3 300 долларгача ошириш белгиланган. Саноатда қўшилган қиймат ҳажмини 1,34 миллиард доллардан 2,35 миллиард долларга етказиш, 25 мингта юқори даромадли иш ўрни яратиш кўзда тутилмоқда.
Бу рақамларнинг аҳамияти фақат иқтисодий статистикада эмас. Юқори даромадли ҳар бир янги иш ўрни - бир оиланинг барқарорлиги, фарзандлар таълимига сармоя, уй-жой шароитининг яхшиланиши ва келажакка ишонч демакдир. Шу сабабли иқтисодий ўсишнинг самараси ялпи маҳсулот ҳажми билан эмас, унинг аҳоли даромади ва ҳаёт сифатига қанчалик тез ўтаётгани билан ўлчаниши керак.
Экспортда ҳам сифат жиҳатидан янги вазифалар қўйилмоқда. Тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар улушини 70 фоизга етказиш, фаол экспортчи корхоналар сонини 250 тадан 350 тага, халқаро сертификатга эга корхоналарни 110 тадан 216 тага кўпайтириш режалаштирилган.
Бу - хом ашёни сотишдан кўра уни қайта ишлаб, юқори қўшилган қиймат билан ташқи бозорга чиқаришга ўтиш дегани. Пахтани ип-калава, мато ва тайёр кийимга, мева-сабзавотни эса қайта ишланган ва қадоқланган экспорт маҳсулотига айлантириш бир вақтнинг ўзида даромад, иш ўрни ва валюта тушумини оширади.
Инвестиция сиёсатида ҳам асосий мезон миқдор эмас, самара бўлиши лозим. Стратегияда аҳоли жон бошига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмини йиллик 60 доллардан 250 долларга етказиш, стратегик технологик ва инфратузилмавий лойиҳалар сонини 11 тадан 41 тага ошириш мақсад қилинган. Бироқ ҳар қандай инвестиция янги технология, маҳаллийлаштириш, экспорт, солиқ тушуми ва барқарор иш ўрнига айлангандагина ҳудуд иқтисодиёти учун ҳақиқий қиймат яратади.
Қашқадарёнинг иқтисодий қиёфасини қишлоқ хўжалигисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Аммо замонавий аграр сиёсатнинг асосий мезони фақат ҳосил ҳажми эмас. Бир гектар ердан қанча даромад олинди, қанча сув тежалди, маҳсулотнинг қай даражаси қайта ишланди ва ташқи бозорга чиқарилди - айнан шу кўрсаткичлар самарадорликни белгилайди.
2030 йилга қадар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш даражасини 13,8 фоиздан 19,1 фоизга, маҳаллий уруғлик билан таъминланганликни 34 фоиздан 50 фоизга ошириш, аграр экспортни 116,9 миллион доллардан 214,1 миллион долларга етказиш белгиланган. Бу вазифалар фермер учун ҳам, истеъмолчи учун ҳам муҳим: ишлаб чиқарувчи кўпроқ даромад олади, бозорда сифатли маҳсулот кўпаяди, ҳудудда эса янги қайта ишлаш занжирлари ва иш ўринлари пайдо бўлади.
Стратегияда иқтисодий ўсиш инсон тараққиётидан ажратилмаган. 2030 йилга қадар PISA халқаро баҳолашида ўқувчилар натижасини 364 баллдан 450 баллга ошириш, мактабгача таълим қамровини 64 фоиздан 80 фоизга етказиш, ўртача умр кўриш давомийлигини 75 ёшдан 78 ёшга ошириш мақсад қилинган. IT соҳасида 30 минг нафар ёшни иш билан таъминлаш, “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси орқали 676 минг нафар ёшни хорижий тилларга жалб этиш режалаштирилган.
Бу мақсадлар бир ҳақиқатни кўрсатади: Қашқадарёнинг энг катта бойлиги- билимли, соғлом, рақобатбардош ва ташаббускор инсонларидир. Замонавий корхонага малакали муҳандис, рақамли иқтисодиётга дастурчи, экспортга тил биладиган мутахассис, самарали қишлоқ хўжалигига эса илғор агроном ва технолог керак. Демак, таълим ва соғлиқни сақлашга киритилган ҳар бир сармоя келгусида иқтисодий ўсишга қайтувчи инвестициядир.
Камбағалликни қисқартириш масаласида ҳам ёндашув манзилли ва натижага йўналтирилган. 2030 йилга қадар мутлақ камбағалликни минимал даражага тушириш, камбағал оилаларни камбағалликдан чиқариш хизматлари билан 100 фоиз қамраб олиш кўзда тутилган. Бу ерда асосий вазифа бир марталик моддий ёрдам эмас, балки оилага касб, иш, тадбиркорлик имконияти ва барқарор даромад манбасини беришдир. Шунда ижтимоий ёрдам қарамликни эмас, иқтисодий мустақилликни рағбатлантиради.
Қашқадарё учун сув - иқтисодий хавфсизлик ва аҳоли турмуш сифатига бевосита таъсир қиладиган стратегик ресурсдир. Стратегияда марказлаштирилган ичимлик суви билан таъминланганликни 62,4 фоиздан 80,7 фоизга, канализация хизматлари қамровини 8,9 фоиздан 19,1 фоизга етказиш белгиланган. Қайта тикланувчи энергия қувватини 70 МВтдан 243 МВтга ошириш, иссиқхона газлари чиқиндиларини 35 фоизга қисқартириш вазифалари ҳам ҳудуднинг “яшил” тараққиётга ўтишини англатади.
Бундай кўрсаткичлар катта иқтисодий рақамлар фонида оддийдек кўриниши мумкин. Аслида эса одамлар тараққиётни энг аввало кундалик ҳаётида ҳис қилади: хонадонга тоза сув келиши, канализация тармоғи ишлаши, электр таъминоти барқарор бўлиши, атроф-муҳит тозалиги ва яшил ҳудудлар кўпайиши ана шу фаровонликнинг энг аниқ кўринишларидир.
Туризм соҳасида эса Қашқадарёнинг тарихий ва табиий устунликлари катта имкониятлар очади. Китоб-Шаҳрисабз тарихий-туристик брендини ривожлантириш, туризм маҳаллалари ва қишлоқлари сонини 4 тадан 14 тага етказиш, янги меҳмон ўринлари, туризм кластерлари ва дор йўлларини барпо этиш режалари нафақат сайёҳлар оқимини кўпайтириш, балки маҳаллий аҳоли учун хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик, транспорт, умумий овқатланиш ва савдода янги даромад манбаларини яратишга хизмат қилади.
“Қашқадарё-2030” стратегияси лойиҳасининг муҳим жиҳатларидан бири - ижро ва мониторинг механизмларининг олдиндан белгиланганидир. Натижалар Стратегик режалаштириш ва ривожланишнинг рақамли платформаси ҳамда “Ijro.gov.uz” орқали кузатиб борилади, 2028 йилда оралиқ баҳолаш ўтказилади, ҳар йил якунида эса кўрсаткичлар халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида танқидий муҳокама қилиниши назарда тутилган.
Стратегия лойиҳасида 13,4 миллиард доллар ялпи ҳудудий маҳсулот, 25 мингта юқори даромадли иш ўрни, 350 та фаол экспортчи корхона, аҳоли жон бошига 250 доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция, IT соҳасида 30 минг ёшнинг бандлиги, 80 фоиздан ортиқ ичимлик суви қамрови, 243 МВт қайта тикланувчи энергия каби йирик мақсадлар белгиланган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, “Қашқадарё-2030” стратегияси лойиҳасининг маъқулланиши катта масъулиятли босқичнинг бошланишидир. Энди вазифа - белгиланган мақсадларни туман, шаҳар, тармоқ ва аниқ лойиҳалар кесимида ҳаётга татбиқ этиш, ресурс ва маблағларни натижага боғлаш, ижрода очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлашдир.
Даврон КЕСИМОВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати
